Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида
10:20 / 2023-11-17

Ўзбекистон томонидан Евроосиё тараққиёт банкининг аъзоси мақомини олиш жараёни  2021 йилда мамлакатимиз ҳукумати  ва банк вакиллари учрашуви доирасида бошланган. Унда қўшма  лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамкорлик жараёнлари ва бошқа масалалар кўриб чиқилган. Томонлар лойиҳаларни батафасил муҳокама қилиш,  аниқ келишувларга эришиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик  йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистонга банкнинг эксперт гуруҳларини  юборишга келишиб олган эди.

Шу йили банк экспертларининг маърузаси тақдим этилди. Унда  Ўзбекистон бизнесни кенгайтириш ва Евроосиё тараққиёт банкига аъзо давлатлардан тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни йўналтириш нуқтаи назаридан   жозибадор мамлакат  эканлиги алоҳида қайд этилди. Евроосиё тараққиёт банки мамлакатларининг корпоратив  сектори республикамиз корхоналари билан ҳамкорликни кучайтиришдан манфаатдор. Шунингдек,  ишлаб чиқариш қувватларининг ўсиши ҳажми ва энергетика  тармоғига йўналтирилган инвестициялар миқдори бўйича Ўзбекистон минтақада етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. 

Жорий йилнинг июнь ойида  банкнинг Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қурилишига  21 миллион доллар сармоя киритиши ҳақидаги режалари эълон қилинди. Бу МДҲ да электр энергияни тўғридан тўғри якуний истеъмолчига  сотиш ҳуқуқига эга бўлган биринчи лойиҳа бўлиши кутилмоқда. 

Евроосиё тараққиёт банкининг бош иқтисодчиси Е.Винокуровнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёдаги йирик ва стратегик жойлашуви қулай бўлган мамлакат ҳисобланган Ўзбекистоннинг  иштирокисиз минтақани ривожлантириш масалаларини ҳал этиш мушкул. Банк бошқарувининг раиси Н.Подгузов ҳам бу ҳақда матбуот анжуманида  алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкининг энг муҳим ҳамкори эканлигини  таъкидлади. Шунингдек у Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши билан боғлиқ музокаралар жараёни  якунланишига ишонч билдирди. 

Мутахассисларнинг фикрича, бу мамлакатимизнинг Евроосиё тараққиёт банки ва Рақамли ташаббуслар жамғармасининг барча воситаларидан фойдаланиш имконига эга бўлишини билдиради. Бундай воситаларга кредит ресурлари, капиталда иштирок этиш,  грант маблағлари ва таҳлилий ёрдам киради. Айни пайтда Евроосиё бозорига  ўзбек товарлари ва хизматларини  олиб кириш имконини ҳам беради. 

А.Машрабханов, ЎзА