Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ва Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Валид Фук ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатлар ўзаро иқтисодий ҳамкорликдан стратегик шериклик даражасига кўтарилгани айтиб ўтилди.
Бугунда стратегик муносабатлар иқтисодий, савдо, туризм ва маданий соҳаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мулоқот давомида ижтимоий-иқтисодий йўналишларда манфаатли алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқиш ҳамда келгусида самарали лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан муҳокамалар олиб борилди.

Хусусан, муҳокамалар жараёнида маданият ва маданий меросни асраш, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, таълим ва туризмда ҳамкорлик лойиҳаларини ва тажриба алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Элчи савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига Франция капитали ва технологияларини жалб қилиш, таълим ва туризм соҳаларни ривожлантириш ҳамда молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари мавжудлигини айтиб ўтди.
Музокаралар якунида томонлар иқтисодий, ижтимоий ва технологик соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд алоқаларни амалий натижага йўналтирилган янги ташаббуслар билан бойитиш бўйича келишувга эришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.