2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция маъқуллангани халқаро майдонда катта қизиқиш билан қабул қилинди.
Хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) 19 май куни ушбу воқеа ҳақида “БМТ Бош Ассамблеяси Орол денгизи бўйича Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилди” номли мақола эълон қилди.
Мақолада жорий йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёевнинг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюция қабул қилиш тўғрисидаги таклифи бир овоздан маъқуллангани ҳақида сўз боради.
“Сўнгги йилларда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида экологик муаммоларни ҳал қилиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Орол денгизи қуриши оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича қилинаётган ҳаракатлар соҳадаги устувор йўналишлар сифатида белгиланган”, – дейилади мақолада.
Бугунги кунда дунёда Орол фожиаси билан боғлиқ салбий ўзгаришлар нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки глобал миқёсда барқарор ривожланишга жиддий таъсир кўрсатаётгани таъкидланади.
Шу боис, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилганига эътибор қаратилган. Ушбу ҳужжатда глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуриши билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олди олиниши учун тизимли чора-тадбирлар белгилаб берилгани таъкидланган.
Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббус БМТ тизимидаги дастур ва агентликлар, жамғармалар, халқаро молия институтлари ҳамда бошқа манфаатдор томонларни мазкур соҳада бирлаштиради. Ижтимоий-иқтисодий вазият ва маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган қарийб 800 миллион AҚШ долларилик 67 та лойиҳа амалга оширилгани ҳам муҳим қадам бўлгани айтилган.