English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий форумда Ўзбекистон вазири таклифлари
10:29 / 2022-11-10

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев венгриялик ҳамкорларимизнинг тажрибаси ва илғор технологияларини тадбиқ этишимиз мумкин бўлган бир қатор йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

— Ўзбекистоннинг қулай иқлими ва табиати туфайли энергиянинг қуёш, шамол ва сув каби қайта тикланувчи манбаларидан фойдаланишимиз зарур, — деди Ж.Хўжаев. — Ишлаб чиқаришлар қувватлари ошишини инобатга олиб, 2030 йилга бориб ушбу кўрсатгични 30 ГВт (гигаватт)га етказишни, муқобил энергия манбалари улушини эса 2026 йилгача 25 фоизга олиб чиқишни режалаштирганмиз. Бундай дастурларни фақат хусусий инвестициялар ҳисобига ва давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширамиз. Венгрия компанияларини ушбу лойиҳаларда иштирок этишга таклиф этамиз.

Шунингдек,  минерал ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта ишлаш каби лойиҳаларни амалга оширишда катта имкониятлар бор.

Масалан, Ўзбекистоннинг каолин захиралари 1,3 млрд. тоннани ташкил этади.  

Бу – санфаянс ва санитар керамикасини ишлаб чиқаришда асосий хом ашё ҳисобланади. Марказий Осиё мамлакатларида каолиндан тайёрланган маҳсулотлар импорти 500 млн. доллардан ортади.

Мутасаддининг таъкидлашича,  биз бу йўналишда, албатта, Европанинг илғор технологияларини тадбиқ этиб, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан манфаатдормиз.

— Ўзбекистонда ҳар йили 150 минг тонна мис ишлаб чиқариб, фақат 55 минг тоннасини қайта ишлаймиз. Бу хом ашёдан юқори талабга эга электр двигателлари, сим-кабель маҳсулотлари ҳамда маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил қилишимиз мумкин. Бундай маҳсулотлар импорти ҳажми Марказий Осиё мамлакатларининг ўзида 2 млрд. доллардан ошади, — деди вазир.

Ўзбекистон — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича дунёда етакчилардан бири. Мамлакатимизда йилига 22 млн. тоннадан ортиқ маҳсулот мунтазам равишда етиштирилади. Бироқ, бугунги кунда уларни қайта ишлаш ҳажми атиги 15 фоизни ташкил этмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш зарурати юзага келган бугунги геосиёсий шароитда Ўзбекистонда бу кўрсаткичларни ошириш бўйича аниқ режалар амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, шу муносабат билан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланса, шубҳасиз юқори даромадга эга бўлиши мумкин бўлади.

Мамлакатимизда авиация соҳасида ҳам юксак имкониятлар яратилмоқда — Ўзбекистон аэропортларида “очиқ осмон” режимини жорий этилмоқда. Хорижий авиаташувчилар сони ортиб бормоқда – сўнгги йилларда улар 10 тадан 25 тага кўпайди. Улар қаторига “Виз Эйр” компанияси ҳам кирмоқда.

Келгуси йилда ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 7 млн. га (бугунги кунда 3,5 млн.), яқин келажакда эса  

10 млн. га етказиш бўйича аниқ режалар бор. Бу борада сайёҳлар ва тадбиркорлар учун энг қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёда маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоиздан ошириб, тўлиқ ишлаб чиқариш жараёни ташкил қила олган ягона енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Бугунги кунда автомобиль ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми йилига 300 мингтадан ошди. Сўнгги йилларда юзлаб корхоналарда автомобиль компонентларини ўзимизда ишлаб чиқаришга эришилди. Шу билан бирга, йилига қиймати 2 млрд. доллардан ортиқ компонентларни импорт қилинмоқда.

— Автомобилларнинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 500 мингтага етказишни устувор вазифа қилиб олганмиз. Шу боис, эҳтиёт ва бутловчи қисмларига талаб ортиб боради. Бу эса ўз ўрнида – венгриялик ҳамкорлар билан биргаликда янги ишлаб чиқаришларни барпо этиш учун асос бўлади, — деди Ж.Хўжаев.

Марказий Осиёда фармацевтика бозорининг ҳажми 6 млрд. долларни, Ўзбекистонда эса – 2 млрд. долларни ташкил этади. Бугунги кунда, Ўзбекистон минтақада дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади. Ички эҳтиёжимизнинг 50 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар таъминлайди.  

Айни пайтда, фармацевтика корхоналаримиз қўшни бозорларни фаол ўзлаштиришмоқда ва бу йўналишда ҳам қўшма лойиҳаларни амалга оширишда катта имкониятлар мавжуд.

 

Моҳигул Қосимова,

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбирлари

Самарқанд шаҳри