English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий форум манфаатдор томонлар учун самарали имкониятлар эшигидир
19:59 / 2022-11-07

Самарқандда ўтказилган «Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш» мавзусидаги II Ўзбекистон иқтисодий форуми анъанавий учрашувларнинг яна бир босқичига айланди.

Сўнгги йилларда қадимий цивилизация марказларидан бири бўлган Самарқанд узоқ ва яқин минтақаларнинг истиқболини белгилаб беришда халқаро қурултойлар учун муҳим аҳамиятга эга ташаббуслар макони бўлиб бормоқда. Самарқанд – Учинчи Ренессанс остонасида жаҳон нигоҳида турган стратегик нуқтага айланди. Бу «Самарқанд руҳи» шукуҳида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотлари форумида ҳам яққол намоён бўлди.

Анжуманда халқаро майдонда номи чиққан иқтисодчи-таҳлилчилар, йирик сармояларга эга инвесторлар, сиёсий экспертлар ҳамда кўпгина ҳамкор давлатларнинг расмий вакиллари иштирок этгани, иқтисодий юксалишимизда яна бир катта қадамдир.

Анжуман моҳияти давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида тўлиқ акс этди, хорижлик эксперт ва тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди.

Мурожаатда мамлакатимизнинг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да белгилаб берилган иқтисодий ва ташқи сиёсий самарали дастурлар ижросини ҳаётга кенг татбиқ этиш, жаҳондаги тараққий этган ҳамкор давлатлар билан интеграцияни кучайтириш ва ишчан дастурларни самарали ишга тушириш борасида музокаралар олиб борилаётгани билдирилди.

Иқтисодий форумда ижтимоий-иқтисодий ва савдо-сотиқ, транспорт-логистика соҳаларида ўзаро яқин ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ишбилармон ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, хорижий корхоналар вакилларининг ҳуқуқий талабларини тегишли тартибда стандартлаштириш, шу орқали инвесторларни кенг жалб этиш масалалари илгари сурилди.

Сир эмаски, глобаллашув шароитида кўплаб ривожланаётган мамлакатларда интеллектуал ресурслар ва инсон капиталига бўлган талаб кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса, сифатли таълим бериш орқали кадрлар тайёрлаш ва уларни ишлаб чиқаришга йўналтиришни тақозо қилади. Интеллектуал кадрлар қанча кўп бўлса, улар келажакда қора меҳнат билан эмас, балки дунёнинг энг тараққий этган компанияларида иш фаолиятини олиб боради ва Ватанига инвестициялар оқиб еириши имкониятини оширади.

Президентимиз мурожаатда қайд этганидек, реал меморандумлар асосида инвестиция оқимлари жалб қилиниши, товар алмашинуви ва ўзаро савдо-сотиқлар вужудга келиши жамиятда ишсизлик муаммосини бартараф этишда асосий ечимдир. Ижтимоий фаровонликни ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг роли, ўзгарувчан муҳитда пул-кредит ҳамда макропруденциал сиёсат, яшил иқтисодиётга алоҳида институционал ёндашув форумнинг кун мавзусидан ўрин олди. Бу йилги анжуманнинг асосий мулоқот мавзусида инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш устуворлик касб этгани бежиз эмас.

Форумда ҳукуматимиз вакиллари томонидан 2022-2026 йилларда инклюзив ва иқтисодий кўламли ўсишга эришиш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда камбағалликни камида 2 баробарга қисқартириш мақсади илгари сурилди. Бинобарин, хусусий секторлар ролини ошириш, тадбиркорлик, инвестиция соҳаларини қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириб бориш таъкидланди.

Демократик, шаффоф туб ислоҳотлар жараёнида «инсон қадри учун» тамойилига асосан аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш ва маҳалла инфратузилмасини ижтимоий давлатнинг ижро таянчи сифатида қўллаб-қувватлаб, истиқболли дастурларни ҳаётга жорий этиш билдирилди.

Чунончи «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» ва «Ташаббусли бюджет» каби дастурлар доирасида аҳоли учун зарур бўлган ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, ички йўллар ҳолати яхшилангани, таълим, тиббиёт муассасалари рақамлаштирилгани ҳамда такомиллаштирилгани маълум қилинди. Бу дастурларни ривожлантириш, тажриба алмашиши таклифлари ўртага ташланди.

Айниқса, камбағал, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ижтимоий ёрдамлар кўрсатилаётгани, субсиядиялар ажратилаётгани, уларнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда индивидуал ёндашувлар татбиқ этилаётгани, форумдан кейин ҳам бу ислоҳотлар жадал олиб борилиши таъкидлаб ўтилди.

Ишсизлик бор жойда нотинч хонадонлар учраши табиий, жиноятчилик ошиши муқаррар. Шу боис, профессионал таълим сифатини ошириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш орқали аҳолини, айниқса, ёшларни ва хотин-қизларни ўз-ўзини банд қилиш, оилавий бизнес-тадбиркорликка жалб этиш стратегиямизда устувор вазифа сифатида белгиланган.

Саноат ишлаб чиқаришда фақат ички ўсиш эмас, балки ташқи интеграциялар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ташқи бозорлар ва ҳамкор давлатларда, минтақаларда юзага келаётган таҳликали вазиятлар шароитида ҳам макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бундай шароитда инфляцияни тўхтатиш асосий мақсадлардан бири бўлиб, 2022 йилда мамлакатимизда 5 фоиздан юқори иқтисодий ўсиш кутилаётгани экспертлар томонидан реал эътироф этилди.

Анжуманда иқтисодий соҳанинг энг йирик тармоқларидан қишлоқ хўжалиги ва аграр соҳа инновацияларига алоҳида эътибор қаратилди. Сув ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш инновацион агротехнологиялари бўйича фикр алмашилди, тежовчи «ақлли» технологияларни қўллаш, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон томони илгари сурган провард мақсадли таклиф ва амалий дастурларда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни янада кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар бренди билан халқаро бозорларга чиқиш чора-тадбирлари баён этилди.

Таъкидлаш жоизки, минтақадаги савдо-иқтисодий алоқаларни қулайлаштиришда транспорт-логистика тизимлари борасида келишувларнинг амалга оширилиши янги савдо-иқтисодий бандаргоҳлар ва яқин уфқларга йўл очилишини таъминлайди. Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки каби ташкилотлар, инвесторлар юқоридаги таклиф ва амалий дастурларни қўллаб-қувватлаётгани бу муҳим режаларни амалга оширишга имкон беради.

Форумда ўтказилган ўндан ортиқ сессиялар давомида Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси асосида олиб борилаётган фаол иқтисодий ислоҳотлари, қулай инвестицион муҳити, ижтимоий сиёсати ҳақида фикр алмашилди. Ўзбекистон ва халқаро молия идоралари билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар, ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари муҳокама этилди.

Форумнинг якуний ялпи мажлисида иқтисодиётнинг соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган изчил ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар халқаро инвесторлар, иқтисодчилар билан бирга таҳлил қилинди ва 3 миллион долларлик 62 та шартнома имзоланиши самарали форум якуни бўлди.

Бундай рақамли иқтисодий келишувларни халқаро молия корпорацияси минтақавий вице-президенти Ҳела Чейхруху, "Whiteshield Partners" консалтинг компанияси бошқарув кенгаши аъзоси, ЮНEСКОнинг собиқ бош котиби Ирина Бокова, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси бош амалиётчи директори Назим Нордалилар юқори баҳолади.

Очиқ ва прогматик руҳда ўтган халқаро форумда «ўсиш» каби сўзлар кўп хорижлик иқтисодчилар томонидан қўлланилгани ОАВларда эътироф этилганининг ўзи давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган халқаро форматдаги конструктив мулоқотларнинг самарадорлигини кўрсатади.

Форум доирасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖни модернизация қилиш илгари сурилиб, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан икки йирик стратегик аҳамиятга эга қиймати 80,0 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳаларини «тайёр ҳолда топшириш» бўйича келишувларга эришилди.

Қуввати 500 кВли «Мурунтов» подстанцияси қурилиши бўйича (“TBEA Co. Ltd.» (Хитой) компанияси) қиймати 37,12 млн доллар шартнома, «Навоий иссиқлик электр станцияси» «Бесопан» ўчириб-ёқиш пунктигача 177 км. узунликдаги 500 кВли электр узатиш тармоғи хитойликлар томонидан қурилиши учун қиймати 42,8 миллион долларлик имзоланган шартномалар стратегик аҳамият касб этади.

Мухтасар айтганда, иштирокчи сифатида менинг эътиборимни тортган яна бир жиҳат форум маърузалар тезиси бўлиб, ҳар бир маъруза салмоғи жуда катта иқтисодий кўрсаткичларни ўзида мужассам этгани бўлди. Тезисларга кўра, бугунгача мингдан ортиқ давлатнинг ихтиёрида бўлган кўчмас мулк объектлари аукцион орқали хусусий тадбиркорларга сотилган, жорий йилда 55 та хўжалик жамиятларидаги давлат улуши хусусийлаштирилган. Оммавий савдоларга чиқарилган 1 минг 500 дан ортиқ кўчмас мулк объектларидан 223 таси хусусийлаштирилган, 596 таси сотувга қўйилган ва 736 таси сотувга тайёрланмоқда.

Давлатлараро қизғин кечган иқтисодий форум ўзаро очиқ, конструктив мулоқот ва ишбилармонлик, инвестицион алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам кўприк вазифасини ўтайди, манфаатдор томонлар учун самарали иқтисодий имкониятлар эшигини очади.

Қўнғиротбой Шарипов,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори