Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодий дипломатия марказининг ташкил этилиши Президент стратегиясининг амалга тадбиқ этилишидир
14:58 / 2023-02-14

Ўзбекистонда иқтисодий дипломатияни ривожлантириш давлатимиз раҳбарининг доимий эътибори ва ғамхўрлиги остидаги йўналишлардан биридир.  8 февраль куни  Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Истиқболли халқаро тадқиқотлар институтининг очилиши бўлиб ўтди. Унинг таркибида Иқтисодий дипломатия  маркази ўз фаолиятини бошлади. Марказ фаолиятининг асосий  йўналишлари ҳақида муассаса раҳбари – иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Иброҳим Мавлонов билан суҳбатлашдик.

– Биринчидан, Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти ва унинг таркибидаги Иқтисодий дипломатия  маркази Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини  ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш  тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш масалаларига кўрсатаётган улкан  эътибори самарасида ташкил этилди. Бу масалалар давлатимиз раҳбарининг  2022 йилнинг 23 июлида қабул қилинган “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли  ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғриси”даги қарорида ёрқин ифодасини топган

– Иккинчидан,  ушбу институтнинг ташкил этилиши Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини  халқаро ва минтақавий  тадқиқотлар  соҳасида мамлакатимиздаги  етакчи муассасага айлантириш имконини беради. Бу ерда яна саккизта  иқтисодиёт марказлари очилган бўлиб, уларда республикамиздаги  етакчи олимлар, юқори  малакали мутахассис ва экспертлар, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг профессор-ўқитувчилари  фаолият юритмоқда. 

 Иброҳим Ражабович, Иқтисодий дипломатия  марказининг ташкил этилиши зарурати ва иқтисодий  дипломатия йўналишини ривожлантиришга кўрсатилаётган бундай катта эътиборнинг сабабини нимада деб ўйлайсиз?

– Президентимизнинг 2018 йил апрель ойида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий  фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони иқтисодий дипломатияни ривожлантиришга  туртки бўлди. Фармонда иқтисодий дипломатия ушбу соҳадаги устувор йўналишларни амалга оширишнинг кучли  воситаси,  деб белгиланган. Мазкур ҳужжат иқтисодий дипломатияни тубдан ўзгартириш ва уни Янги Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсатини амалга оширишнинг  фундаментал воситасига  айлантириш учун асос бўлди. 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, 2018 йил январь ойида давлатимиз раҳбари  элчилар ва дипломатлар билан бўлган  учрашувда экспортни  ривожлантириш, хорижий инвестициялар, илғор технологиялар ва билимларни жалб қилиш, Ўзбекистонда  сайёҳлик оқимини  кенгайтириш дипломатик муассасаларнинг  устувор йўналишлари бўлиш кераклигини таъкидлаган эди. 

Бундан ташқари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган  Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида нафақат “иқтисодий дипломатияни кучайтириш”, балки, шунингдек, “миллий  манфаатларни илгари суриш ва ҳимоя қилишда унинг самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш” муҳимлиги ҳам қайд этилган. 

Стратегияда “Республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда республика экспорт ҳажмларини 30 миллиард АҚШ долларига етказиш” ҳамда  “Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йилда 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб этиш чораларини кўриш” бўйича аниқ кўрсатмалар берилган. 

Кўриб турганимиздек,  давлатимиз раҳбари ташқи иқтисодий фаолиятни самарали амалга ошириш ва уни тубдан ўзгартириш учун иқтисодий дипломатиянинг янги воситаларини шакллантириш бўйича жиддий вазифаларни қўймоқда. Буларнинг барчаси нафақат Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида  алоҳида бошқарманинг балки  Марказимизнинг ҳам ташкил этилишига  сабаб бўлди. Бу Президентимизнинг  иқтисодий дипломатия бўйича стратегияси самарасидир. 

 Бугунги  жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларнинг мураккаб шароитида иқтисодий дипломатия маркази фаолиятининг мақсадлари ва истиқболли йўналишлари ҳақида  қисқача айтиб берсангиз.

– Ҳақиқатан ҳам бугун дунёнинг кўплаб минтақаларида иқтисодий беқарорлик кузатилмоқда. Бунинг натижасида, мамлакатимиз ташқи иқтисодий йўналиши ҳам кўплаб омиллар ва таҳдидлар қарор қабул қилишга  тўсқинлик қиладиган ана шундай мураккабликлар, олдиндан  башорат қилиб бўлмайдиган қийинчиликлардан ўтмоқда. 

Бу табиийки, ҳорижий мамлакатларнинг иқтисодий дипломатияси, минтақавий ўзгаришлар, халқаро глобал ташкилотлар соҳасида чуқур фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш орқали   мамлакатимиз ташқи иқтисодий фаолиятини илмий методологик ва ахборот таҳлилий жиҳатдан таъминлашни талаб этади. 

Буни Марказнинг асосий мақсади сифатида эътиборга олган ҳолда, унинг  фаолияти жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суришда илмий-амалий кўмаклашишга қаратилган. Шунингдек, замонавий халқаро иқтисодий муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти, глобал ривожланиш тенденциялари ҳамда долзарб масалалар, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш тенденциялари бўйича  прогнозлар ва тавсияларни  тайёрлаш ҳам фаолиятимизнинг устувор  йўналишларидандир.  

 – Иброҳим Ражабович, айтингчи, ушбу мақсадларни амалга оширишда Марказ олдида қандай вазифалар турибди?

 Марказнинг илмий ва ахборот таҳлилий  фаолияти қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш имконини беради: Ўзбекистон учун янги халқаро бозорларни очиш; жаҳон бозорида республикамизнинг янги савдо иқтисодий имкониятлари, инвестициявий салоҳиятини  кўрсатиш; жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимизнинг сармоявий нуфузини мунтазам  ошириш; ҳорижда  миллий маҳсулотларимизнинг обрўини ва уларни  экспорт қилиш ишончлилигини мустаҳкамлаш. 

Бундан ташқари, Марказ вазирлик ва идоралар, бизнес тузилмаларга жаҳон бозорларининг иқтисодий дипломатиясига оид етакчи илмий тадқиқотлар, мустақил таҳлиллар ва прогнозлар; дунё бозорида бизнес юритиш учун  самарали сиёсатни амалга оширишда қўлланиладиган тегишли билимлар;  жаҳон бозорига чиқиш учун энг яхши дипломатик воситалар, тренинглар; стратегик ишланмалар, халқаро иқтисодий тактикалар ва бизнес музокараларни ҳам таклиф этади. Бу музокара жараёнида тадбиркорлар салоҳияти ва ваколатларини оширишга ёрдам беради. 

– Миллий ва хорижий вазирлик ва идоралар, шунингдек, бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва тадқиқот олиб бориш учун таклиф қилишингиз мумкин бўлган аниқ истиқболли лойиҳа ва ғояларингиз борми?

 Ҳа, албатта бор, биз бу борада  мунтазам иш олиб борамиз. Хусусан, Марказимиз биргаликда илмий тадқиқотлар ва ишланмалар олиб бориш учун  қуйидаги истиқболли лойиҳаларни таклиф этади: Марказий Осиёда янги савдо транспорт йўлакларини шакллантириш ва ривожлантириш; Марказий Осиёдан Европа ва Жанубий Осиёга борадиган диверсификацияланган савдо ва транспорт  оқимларининг  янги тузилмасини ишлаб чиқиш; янги технологик рақобат шароитида ривожланган мамлакатларнинг инвестициявий ва инновацион стратегияларини трансформация қилиш; савдо оқимларини диверсификациялаш  шароитида хизматлар, инновациялар ва интеллектуал мулк экспортининг янги стратегиясини тузиш;  Марказий Осиёнинг халқаро савдо  тизимига интеграциялашувини кучайтирувчи стратегия ва механизмларни ишлаб чиқиш; сармоя оқимларини Марказий Осиёда  барқарор ривожланиш учун инновацион лойиҳаларга йўналтириш; замонавий таҳдидларнинг Европа иттифоқи, МДҲ мамлакатларининг  иқтисодий дипломатияси ривожига таъсирини баҳолаш ва прогнозлаш шулар жумласидандир. 

- Мамлакатимиз ва Марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш  юксак малакали кадрлар ва мутахассисларга бўлган талабни оширади. Марказ кадрлар тайёрлаш бўйича тренинглар ўтказиш, тегишли йўналишлар бўйича маслаҳатлар олиб боришга тайёрми?

– Иқтисодий дипломатия соҳасида бундай мураккаб вазифаларни  ҳал этиш учун нафақат жаҳон иқтисодиёти тараққиётининг  қийин жараёнларини чуқур илмий назарий  тушуниш, балки уларни амалга ошириш бўйича самарали  механизмларни ҳам ишлаб чиқиш зарур. 

Юксак малакали кадрлар халқаро сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, шунингдек, иқтисодий дипломатия воситалари ва усулларини яхши билиши ва бу бўйича пухта  малакага эга бўлиши лозим. Бугунги кунда бундай юқори малакали кадрлар нафақат тегишли вазирлик ва идоралар, балки шунингдек, корхоналар, халқаро бизнес билан боғлиқ бизнес тузилмаларга ҳам керак. 

Марказимиз иқтисодий дипломатия соҳасида кадрлар тайёрлаш учун қуйидаги йўналишлар бўйича  қисқа ва узоқ муддатли курсларни таклиф этади: иқтисодий ва тижорат дипломатияси, хусусан савдо сиёсати ва музокаралар; халқаро савдо тизими ва халқаро инвестициявий сиёсат, келишувлар; халқаро савдо иқтисодий ва инвестициявий низоларни ҳал этиш; халқаро иқтисодий музокаралар, воситачилик, низоларни тартибга солиш ва ҳал этиш; консенсусга эришиш ва коалицион ташқи  иқтисодий сиёсат; савдо ва иқтисодий  маслаҳатчиларнинг жаҳон бозоридаги ахборот таҳлилий фаолияти. 

 Хулоса ўрнида нима дея оласиз?

– Кўриб турганимиздек, иқтисодий дипломатия Ўзбекистон  ташқи сиёсати, ташқи иқтисодиётидаги устувор вазифаларни амалга оширишда энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатнинг халқаро иқтисодиётдаги ўрни унинг иқтисодий дипломатиясининг ривожи ва қудратига қараб белгиланади. Шу боис, Президентимиз Фармонлари, топшириқлари ижроси халқаро майдонда миллий манфаатларни рўёбга чиқаришга қаратилган етакчи стратегия бўлмоғи керак. Иқтисодий дипломатия узоқ муддатли истиқболда Янги Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсати, миллий ташқи иқтисодий манфаатларини амалга оширишда фундаментал воситага айланиши керак. 

 – Иброҳим  Ражабович, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Сизга ва Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти жамоасига улкан муваффақиятлар тилайман. 

 

ЎзА шарҳловчиси  Аброр Ғуломов суҳбатлашди