26 январь — Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари куни
Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу давлат бюджетига келиб тушаётган божхона тўловлари ҳажмини сезиларли даражада ўсишига хизмат қилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматидан олинган маълумотга кўра, ўтган 2025 йилдаги бюджетга тушумлар режаси 3,67 триллион сўм ўрнига 3,85 триллион сўмга, 2024 йил билан таққосланганда 458,7 миллиард сўм ёки 13,5 фоизга ошган.
[gallery-27239]
Шунингдек, 2025 йилда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 2,98 триллион сўмга яқин имтиёз ва таъриф преференциялари қўлланилган. Энг муҳими, ўтган йилда вилоят божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан экспорт 1200,1 миллион долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 302,5 миллион АҚШ долларига ёки 33,7 фоизга кўпайган.
“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган йўловчилар сони ҳам сезиларли ошди. Масалан, 2024 йилда 1 миллион 361 минг 766 нафар йўловчи қайд этилган бўлса, 2025 йилда йўловчилар сони 150 минг 058 тага ёки 11 фоизга ошган. Шунингдек, “Жартепа” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони ҳам сезиларли кўпайган. 2024 йилда 107 минг 983 та автотранспорт воситаси қайд этилган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 136 минг 904 тага ошган. Йўловчилар ҳаракати эса ўтган 2024 йилга нисбатан 142 минг 844 нафарга ортган.
Вилоят божхоначилари томонидан 2025 йилда аниқланган 2044 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида жами 59 миллиард 957,65 миллион сўмлик товар ва транспорт воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Шундан, 1094 та маъмурий ва 59 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳолатлар сони 386 тага ва товарлар қиймати 35 миллиард 863,1 миллион сўмга ошган.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан боғлиқ 54 та ҳолатда жами 80,6 килограмм гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Психотроп таблеткалар ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний айланишини олдини олиш борасида 19 ҳолатда жами 9787 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи таблеткалар аниқланган.
Мамлакатимиз чегараларимиз мустаҳкамланиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган божхоначиларнинг хизмат постидаги ҳушёрлиги бизни турли сифатсиз маҳсулотлардан асрабгина қолмай, улар таъсиридаги кўплаб кўнгилсиз ҳолатлардан асрайди. Шу боис, тизим такомиллашуви давлат ва халқ учун муҳим.
Алишер ИСРОИЛОВ(сурат),ЎзА