Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтисодчи таҳлили: 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг саноатлашув параметрлари қониқарлими?
19:13 / 2022-01-13

Фаровон ҳаётни таъминлашда мамлакатимиз иқтисодий ўсиши муҳим ўрин тутади. Бунда ялпи ички маҳсулот кўрсаткичининг талабга мос бўлиши, саноатлашув жараёнининг барқарор давомийлиги, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва унинг сифат назоратини кучайтириш энг зарур мезонлардан ҳисобланади.

Умуман олганда, юртимизда бу борадаги ишлар ҳар жиҳатдан режали ташкил этилади ва кўрсаткичлар таҳлил қилиб борилади. Бироқ иқтисодчи-мутахассислар мамлакатимиз ЯИМ ҳақида таҳлил қилиш, камчилик ва хатоларни кўрсатиш ёки фараз-таҳминлар қилиб, ОАВларда чиқишлар қилишга негадир ошиқмайди.

Эҳтимол, шу сабабли, иқтисодий таҳлиллар очиқлиги ва шаффофлиги таъминланмагани учун бу борадаги тушунча ва фикрлар ушбу соҳа вакилларигагина дахлдордай тасаввур пайдо бўлган, десак адашмаган бўламиз.

Айтмоқчи бўлган фикрларни шу тарзда бошласак-да, асл мақсадимиз 2021 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий равнақи, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар, қисман иқтисодий фараз, режалар таҳлилига эътибор қаратишдир.

ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти, иқтисодиёт фанлари номзоди Неъмат ХОЛМАТОВга айни шу масалаларга оид саволлар билан юзланди.

– Самарали иқтисодий кўрсаткичларга эришишда меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш долзарб масалалардан. Ўтган 2021 йилда бу борада қандай амалий ишлар қилинди? 

– Ҳаракатлар стратегияси босқичи мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида чуқур институционал ўзгаришлар амалга оширилганлиги билан ажралиб туради. Бу даврда давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар “йиғилиб қолган муаммоларни” тизимли ҳал қилиш ва Президент томонидан белгиланган Бош тамойил – Халқни рози қилиш йўналишида ривожланиб борди.

Буни биргина институционал меъёрларни ўзгартириш жараёнида ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш билан боғлиқ ҳолда аграр соҳани ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини, замонавий инновацион технологияларни жорий қилишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида 2021 йилда жами 63 та ҳужжат, шундан 6 та Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9 та фармони, 26 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 42 та қарори қабул қилинди. Бу эса агросаноат мажмуасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-институционал асосларини янада такомиллаштиришга олиб келмоқда. Албатта, қатор макроиқтисодий мақсадларга эришиш учун ҳали тизимли институцонал ислоҳотларни давом эттириш зарур бўлади. Шу сабабли 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси давлат дастури умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, пишиқ ва пухта режалар устида иш олиб борилмоқда.

– 2021 йилда иқтисодиётимизнинг ўсиш динамикаси қандай тус олди? 

– Иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари динамикаси пандемия таъсирида беқарор тус олган бўлса-да, сўнгги маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,0 фоизга ўсди. Иқтисодиёт соҳаларида ҳам иқтисодий ўсиш суръатлари 2020 йилга нисбатан кескин ошди. Жумладан, саноат 9,5 фоизга, хизматлар 20 фоизга, қурилиш соҳаси 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги 4 фоизга ўсди. Шунингдек, инфляция даражаси 10 фоиздан паст бўлди.

Мамлакатимизнинг экспорт ҳажми 16,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 1,3 миллиард доллар кўп демакдир. 2021 йилда умумий қиймати 12,4 миллиард долларлик 318 та йирик ва 14 мингта ҳудудий лойиҳалар ишга тушди.

– Иқтисодиётнинг саноатлашуви республикамиз иқтисодиётининг барқарорлигида муҳим роль ўйнайди. Сиз бу жараённи қандай изоҳлайсиз?

– Албатта, Ўзбекистон иқтисодиётининг саноатлашувини ўтган 3-4 йилларга оид статистик маълумотлар асосида таҳлил этиш лозим. Энг содда ёндашувда, буни аввало, саноат ишлаб чиқариши ҳажмининг ўсиш суръатлари, агросаноат мажмуасидаги ўзгаришлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш ҳажми ошиши, агросаноат кластерлари фаолияти кенгайиши, саноат тармоқларига инвестициялар оқимининг ортиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг ички тузилишидаги такомиллашув билан изоҳлаш мақсадга мувофиқдир.

Биринчи йўналишдаги ўзгаришларни қуйидаги статистик кўрсаткичлар ифодалайди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш индекси, агар 2017 йилда 105,2 фоиз бўлса, бу кўрсаткич 2018 йили 110,8 фоизни, 2019 йили 105,0 фоизни ҳамда 2020 йилда 100,9 фоизни ташкил этди. 2021 йилда эса бу кўрсаткич 109,0 фоиздан иборат бўлди.

Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва очиқ конларда ишлаш ҳажми 2019- 2020 йилларда сезиларли даражада пасайди. Агар соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 2019 йилда 99,4 фоиз бўлса, 2020 йилда 78,0 фоизни ташкил этди. 

Пандемея даврида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми пасаймади. Масалан, 2019 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 110,9 фоиз ўсган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 108,6 фоиз бўлди.

2019-2020 йилларда агар тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 105,3 ва 117,4 фоиз ўсишни кўрсатган бўлса, кийим ишлаб чиқариш бу кўрсаткичга мос равишда 108,7 ва 107,2 фоиз бўлди.

Шунингдек, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2017-2018 йилларда мос равишда 94,0 ва 97,2 фоиз бўлса, 2019-2020 йилларда 102,3 ва 107,6 фоизни ташкил этди. Бу ўзгаришлар кимё саноатида иқтисодий ўсиш суръатлари жадаллашганлигини билдиради. 

Миллий саноатнинг муҳим тармоқларидан ҳисобланган металлургия саноати 2017-2020 йилларда ўртача 6,0 фоиз ўсди. Истиқболда бу соҳадаги ўзгаришлар динамик тус олиши мўлжалланмоқда. Чунки бу тармоқ маҳсулотларига саноат ишлаб чиқаришида ҳам, саноат ва уй-жой қурилишида ҳам талаб ўсиб боради. 

Мазкур йилларда ўртача йиллик юқори ўсиш суръатлари компьютерлар, электрон ва оптик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида кузатилди. Бу соҳа йилига ўртача 54-55 фоизга қўшимча ўсишга эришди. Мазкур кўрсаткич тармоқнинг ўта жадал суръатларда тараққий этаётганлигини билдиради. Яъни, агар 2017 йилда ўсиш 174,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 118,8 фоиз, 2019 йили 142,8 фоиз ва 2020 йили 172,0 фоиз ўсиш кўрсаткичи таъминланди. Соҳанинг бундай жадал суръатларда ривожланиши жамиятни ахборотлаштириш ва рақамлаштириш талабларига мос келади.

– Қайси соҳаларда сезиларли пасайишлар кузатилди? 

– Афсуски, ўтган даврда автотранспорт воситалари, трейлерлар ва ярим прицеплар ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли пасайиш кузатилди. Масалан, 2017 йилда соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 166,7 фоизга ўсган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 168,1 фоизни, 2019 йилда 121,0 фоизни ва 2020 йилда 99,4 фоизни ташкил этди.

– Агросаноат мажмуаси соҳалари саноат ишлаб чиқариши учун зарур бўлган хомашё маҳсулотлари етиштириб беради. Бу мажмуадаги ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

– Агросаноат мажмуасидаги ўзгаришлар саноатлашувнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки бу борада қишлоқ хўжалигига саноат ишлаб чиқариши чуқурроқ сингиб боради. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш ҳажми ошиши ҳамда агросаноат кластерлари фаолияти кенгайишида ҳам ўз аксини топади.

2021 йилда, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 22 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот ишлаб чиқарилди ва ўсиш 106,1 фоизни ташкил этди.

Саноатлашув жараёнида маҳсулот яратишнинг қўшилган қиймат занжири ҳосил бўлиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу занжир хомашёни бирламчи, иккиламчи қайта ишлашга ҳамда пировардда чуқур қайта ишланган, истеъмолга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга олиб келиши зарур. Бу занжирни агросаноат соҳасида шакллантиришда кластерлаш ҳаракати фаоллашмоқда. 2021 йилда агросаноат мажмуасида қўшилган қиймат занжирини яратишда 25 та пахта-тўқимачилик, 80 та ғаллачилик, 13 та шоличилик кластерлари йўлга қўйилди. Натижада Ўзбекистонда жами 122 та пахта-тўқимачилик, 157 та ғаллачилик, 146 та мева-сабзавотчилик ва 29 та шоличилик кластерлари фаолияти ривожланмоқда.

Саноатлашувда мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси ошиб бориши ҳам катта аҳамиятга эга. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги кўрсаткичларидан бири саналади. 2021 йилда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, соҳада қайта ишлаш қувватларини ошириш бўйича 463 та янги саноат корхоналари ишга туширилди. Бу қайта ишлаш қувватлари мева-сабзавотда 2 960 минг тоннага, гўштда 575 минг тоннага, сутда 2 650 минг тоннага етказилишига имкон яратди.

– Миллий ва хорижий инвестициялар мамлакат саноатлашувининг муҳим моддий омили ҳисобланади. Бу борада ўтган йилги натижалар қандай? 

– 2021 йилда Ўзбекистонга 8,6 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Умумий қиймати қарийб 5,9 миллиард долларлик 318 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида эса 7,4 миллиард долларлик 15 710 инвестициявий лойиҳа амалга оширилди.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, давлат инвестиция сиёсати иқтисодиётни саноатлаштириш сиёсати билан узвий боғлиқдир. Масалан, жорий йилда иқтисодиётга йўналтирилган инвестициялар ҳажми ўзгариши одатда, кейинги 2-3 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўзгаришига таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, саноатга жойлаштирилган йирик, ўрта ва кичик инвестицион ресурслар ҳам вақти билан ўзининг ижтимоий-иқтисодий самарасини кўрсатиши зарур. 

Ҳаракатлар стратегияси босқичида эришилган инвестицион натижалар халқаро ва минтақавий миқёсларда рақобатбардош миллий иқтисодиётни барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг таркибий қисми сифатида баҳоланиши мақсадга мувофиқ. Чунки ҳали иқтисодиётга ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига йўналтирилган инвестицияларнинг натижадорлигини тўла таъминлаш борасидаги давлат сиёсати давом этмоқда. Бу Тараққиёт стратегияси босқичида саноатлашув параметрларини янада пухта ишлаб чиқиш ва амалга ошириш талабларини қўяди.

– 2022 йилда қандай муҳим ислоҳотлар бўлишини фараз қиласиз? 

– Тараққиёт стратегияси босқичининг дастлабки йилида, албатта, ўтган йилларда якунланмай қолган ислоҳотлар ўз мантиқий якунига етказилишини кутиб қоламан. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, давлатнинг иқтисодиётга аралашишини қисқартириш, хусусий мулк ҳуқуқларини қатъий ҳимоялаш бўйича жиддий одимлар ташланиши зарур бўлади. 

Ўтган йилларда кузатилган давлат харидлари, ерларнинг коррупция йўли билан сотилиши, ношаффоф хусусийлаштириш, импорт ва экспортни тартибга солиш, импортни чеклаш ва айрим компанияларга имтиёзлар бериш, инфляцияни рағбатлантирувчи имтиёзли кредитлар бериш амалиёти каби тенденциялар кўлами камайиб бориши керак, деб ҳисоблайман. 

Банклар ва корхоналарни хусусийлаштириш, қўшилган қиймат солиғини камайтириш, микромолия секторини либераллаштириш, ҳалол аукционлар ва тендер савдолари орқали муваффақиятли хусусийлаштиришни амалга ошириш каби салмоқли ўзгаришларнинг янада жадаллашиши эса миллий иқтисодиётимизнинг саноатлашуви кўламини кенгайтиришга олиб келади. 

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.