Уси (Wuxi) — Хитойнинг шарқий қисмида, Цзянсу вилоятида жойлашган, иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётган ва маданий мероси бой шаҳарлардан бири. Шанхай ва Сужоу каби йирик мегаполислар яқинида жойлашган бу шаҳар “Тайҳу кўли соҳилидаги жавоҳир” сифатида танилади.
Мазкур шаҳар икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, қадимда Буянг, Тан ва Сун сулолалари даврида муҳим савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлган. Шаҳар ипакчилик, чойчилик ва керамика санъати билан машҳур бўлиб, бу анъаналар ҳозиргача сақланиб келмоқда.


Усида жойлашган Линшань даҳанг Буддаси Хитойнинг энг йирик зиёратгоҳларидан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари Уси Хитойнинг етакчи саноат марказларидан биридир.
Шаҳарда инновациялар, автосаноат ва машинасозлик, энергетика ва яшил технологиялар ҳамда кимё ва металлургия саноати кенг ривожланган. Кўплаб халқаро компаниялар, технопарклар ва илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилган.


Уси шаҳрининг энг катта табиий бойлиги — Тайҳу кўли. У Чиндаги энг катта кўллардан бири бўлиб, йил давомида минглаб сайёҳларни ўзига чорлаб туради.
Шунингдек, Усида"Huishan Ancient Town" — асрлар давомида сақланган қадимий шаҳарча,"Jichangyuan" боғи — минг йиллик боғсозлик санъатининг намунаси, Линшань маданий туризм зонаси ва (Wuxi Studios) — Хитой кино саноати марказлари каби масканлар жойлашган.


Уси транспорт жиҳатидан жуда қулай шаҳар. Шаҳардан Хитойнинг тезюрар поездлари орқали Шанхайга 30–40 дақиқада етиб бориш мумкин. Шунингдек, Уси Халқаро Аэропорти (Wuxi Sunan Shuofang Airport) фаолият кўрсатади. Шаҳар ичида замонавий метро, автобус ва такси хизмати ривожланган.


Уси — тарих, маданият, табиат ва замонавий саноат уйғунлашган шаҳар. Унинг иқтисодий салоҳияти, туризм имкониятлари ва қулай инфратузилмаси шаҳарни Хитойнинг энг жозибадор масканларидан бирига айлантирган.

Мазкур шаҳар бугунги кунда нафақат ишлаб чиқариш маркази, балки маданий ва сайёҳлик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳудуд ҳисобланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/eI91gDb4Elc" title="Iqtisod va madaniyat uyg‘unlashgan Usi shahri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева, Искандар Исматов (видео), ЎзА