Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Ўтган йилда Миллий инвестиция жамғармаси ташкил қилиниб, дунёдаги нуфузли «Franklin Templeton» компанияси бошқарувига берилди.
Ушбу компания бир йил давомида стратегик корхоналар фаолиятини таҳлил қилди. Экспертлар «корхона раҳбарларида корпоратив маданият етишмайди, харажатни қисқартириш, фойдани ошириш бўйича захира кўп», демоқда.
Бунинг учун 19 та стратегик корхона раҳбари харид тизими, логистика, рақамлаштириш, энергия самарадорлик бўйича қаттиқ ишлаб, таннархни 10-20 фоизга қисқартириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
– Иқтисод қилиш режаси ишлаб чиқаришни камайтириш ёки қайсидир харажатни кейинроққа суриш ҳисобидан эмас, балки бир бирлик маҳсулот таннархини қисқартириш орқали таъминланиши шарт, – деди Президентимиз.
Стратегик корхоналарни «Ягона ғазначилик» ахборот тизими билан қамраб олиш, барча харидларни риск-таҳлил асосида «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратиб, самарасиз харажатларга бутунлай чек қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
ЎзА