Бугунги кунда юртимизда Навоий даҳосини улуғлаш, унинг номини ва бой адабий меросини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, буюк аллома номи билан аталувчи кўчалар, кутубхоналар ва кўплаб зиё масканлари, маҳаллалар ва бошқа муассасалар бор. Олий таълим тизимида, филология йўналишида ўқиётган иқтидорли талабалар учун “Навоий” номидаги стипендия жорий қилинган.
Масалан, жорий ўқув йилида Қарши давлат университетининг 17 нафар бакалавриат босқичи талабаси Президент ҳамда номдор давлат стипендияларига сазовор бўлди. Аҳамиятлиси, улар орасидан 12 нафарини “Навоий” номли давлат стипендиясини қўлга киритган талабалар ташкил этади.
Исмигул Саматова университетнинг филология факультети филология ва тилларни ўқитиш (ўзбек тили) йўналиши 3-босқич талабаси. Исмигул талабалик даврининг илк босқичиданоқ ўзининг тиришқоқлиги, ишчанлиги ва билимдонлиги билан кўзга ташланди. Жумладан, 2021 йил октябрь ойида вилоят миқёсида “Энг кўп китоб ўқиган қиз” деб топилди. Шу йилнинг ўзида “Ёш китобхон” республика кўрик-танловнинг шаҳар, вилоят босқичида фахрли 1-ўринни олиб, Республика босқичида Қашқадарё шаънини муносиб ҳимоя қилди ҳамда 10 миллион сўм пул мукофоти ва ноутбукни қўлга киритди.
Исмигул 2-курс талабаси бўлганида ижод соҳасида самарали фаолият олиб бора бошлади. Хусусан, илмий мақолалари Америка, Германия, Бельгия, Ҳиндистон, Португалиянинг нуфузли журналларида чоп этилди. Ўзининг тезислари билан халқаро конференцияларда иштирок этди. Ўз йўналиши бўйича ўқув-мажмуа тузиб, халқаро нашриётда чоп этишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, ижодий ишларини инглиз тилига ўгириб, халқаро антология ва газеталарда нашр эттирди.
Таъкидлаш жоизки, қаҳрамонимизнинг ютуқлар кўлами кўзни қувонтиради. “Энг яхши китобхон талаба – 2022” кўрик-танловининг университет, ҳудудий, минтақавий ҳамда Республика босқичида аъло тарзда қатнашиб, 1-ўринга муносиб кўрилди. Жорий ўқув йилида Исмигул “Навоий” номли давлат стипендияси ва “Вилоят ҳокими стипендияси”ни қўлга киритди.
– Бундай ютуқларни қўлга киритишимда устозларимнинг, оиламнинг ҳиссаси беқиёс. Уларнинг қўллаб-қувватлаши билан юксак натижаларга эришаяпман, – дейди Исмигул Саматова. – Келгусида режаларим катта. Магистратура, докторантурада таҳсилни давом эттирмоқчиман. Яна кўп хорижий тилларни ўрганиш ниятим бор. Ҳозир инглиз, турк тиллларида эркин мулоқот қила оламан.
[gallery-15906]
Қарши давлат университетида Исмигул Саматова каби иқтидорли талабалар кўпчиликни ташкил қилади. Олий ўқув юртида яратилган шароит ва билимга бўлган интилиш ютуқлар учун омил бўлмоқда. Зеро, юрт тараққиётини илмли ёшлар белгилайди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари