Юртимизда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали давом эттиришда иқтидорли ёшларнинг ўрни алоҳида.
Бундай ёшларга имконият ва шароит яратиш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш давлат ва жамиятнинг энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ана шундай фаол ёшларни рағбатлантириш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида 2025 йилги танлов ғолиб стипендиатлари учун Форум ташкил этилди.

Форум доирасида стипендиатларга хорижда ўқиш ва яшаш тартиб-қоидалари, таълимдан кейинги мажбуриятлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Уларни Ватанга садоқатли, миллий қадриятларга ҳурмат билан ёндашувчи малакали кадрлар сифатида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув давомида янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг моҳияти ва мақсадлари, ёшларнинг бу жараёндаги ўрни ҳам кенг ёритиб берилди.
Бундан ташқари, стипендиатларга Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги асосий ташкилотлар фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази фаолияти ёритилиб, давлат хизматларини аҳолига тезкор, қулай ва шаффоф шаклда кўрсатишни таъминлаш, электрон ҳукумат тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, рақамли трансформация лойиҳаларини самарали бошқариш бўйича олиб борилаётган ишлар таништирилди.

Бундан ташқари, UZINFOCOM, Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Рақамли таълимни ривожлантириш маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Учрашув якунида стипендиатлар учун вазирлик ва тизим ташкилотларида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА