Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтидорли ёшлар учун глобал имконият яратаётган таълим даргоҳлари сони ортиб бормоқда
16:43 / 2026-01-05

Муносабат

Таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни глобал стандартлар асосида ривожлантириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим йўналишларидан бири саналади. 

Президентимиз ўтган йил якунида Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган Мурожаатномасида ҳам айни йўналишга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Унда таъкидланганидек, янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунё меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида шаклланмоқда. Яқин йилларда касбларнинг салмоқли қисми автоматлаштирилиши, қолган қисми эса янги билим ва кўникмаларни талаб қилиши прогноз қилинмоқда.

Ана шундай шароитда таълим тизими фақат анъанавий билим бериш билан чекланиб қолмасдан, ёшларни ўзгарувчан глобал муҳитга мослаша оладиган, мустақил фикрлайдиган, рақобатбардош ва масъулиятли шахс сифатида тайёрлаши зарур.

Бугунги кунда дунё иқтисодиёти билимга асосланган ҳолда тез суръатлар билан ўзгармоқда. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, мамлакатлар бойлигининг 64 фоизи инсон капитали ҳисобига тўғри келади. Бу эса таълим соҳасига инвестиция киритиш мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг асосий омилига айланганлигини кўрсатади. 

Ўзбекистонда ҳам таълимга йўналтирилаётган давлат маблағлари йил сайин ошиб бормоқда ва бу ёндашув мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг асосий устунларидан бирига айланган.

Айнан шу стратегик ёндашувнинг амалий ифодаси сифатида Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони асосида Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ташкил этилди. 

Мазкур мактаб “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусининг муҳим бўғини сифатида иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ва дунё миқёсидаги энг нуфузли университетларга йўналтиришга ихтисослашган.

Ал-Беруний мактаби қисқа муддат ичида таълим тизимида мутлақо янги стандарт ва ёндашувларни жорий этиб, халқаро таълим тизимида ҳам ўз ўрнини топишга муваффақ бўлди. 

Хусусан, мактаб International Baccalaureate — IB ташкилоти томонидан аккредитациядан ўтиб, IB Diplom Programme (IBDP) бўйича расман тегишли жаҳон мактаби сертификатини олишга муваффақ бўлди.

IB аккредитацияси, бу оддий формал ҳолат эмас. У таълим сифати, бошқарув, ўқитувчилар малакаси, баҳолаш тизими ва мактаб фалсафасини қамраб олувчи мураккаб ва кўп босқичли баҳолаш жараёндир. 

Хусусан, ўтган йили июль ойида Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ва Швейцариянинг IB ташкилоти ўртасида шартнома имзоланиб, унга IB номзодлик мақоми берилди. Шу асосда ўқитувчиларнинг малакаси оширилди, таълим жараёни IB стандартларига мослаштирилди.

2025 йил охирида эса мактаб-интернатига бу бўйича тегишли сертификат расман тақдим этилди. Шу тариқа мактаб Ўзбекистон ва Марказий Осиёда давлат тасарруфидаги “IB Diploma Programme”ни амалда жорий этган биринчи таълим муассасаси бўлди. 

Мактабнинг яна бир тарихий аҳамиятга молик ютуғи шундаки, у IB дастурининг фанлари таркибига Ўзбек тилини “Ўзбек А” фани сифатида киритишга муваффақ бўлди 

Шу билан бирга, бу қадам ўзбек тили ва адабиётининг халқаро таълим майдонидаги мавқейини мустаҳкамлайди ва келажакда IB дастурини танлаган бошқа ўзбекистонлик ўқувчилар учун ҳам йўл очиб беради.

Эндиликда мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги шаҳодатнома билан бир қаторда IB дипломини бериш ҳуқуқи қўлга киритилган.Ушбу диплом дунёнинг етакчи университетлари томонидан тан олиниб, битирувчиларга TOП–20 талик рейтинглардаги университетларга имтиёз асосида кириш ва бакалавриат даражасини 4 йил эмас, 3 йилда якунлаш имкониятини яратади.

Ал-Беруний мактабининг яна бир муҳим жиҳати кадрлар сиёсати ва жамоани шакллантиришдаги ёндашувдир. Бугун мактабда хорижий мутахассислар, TOП-100 талик рейтингдаги университет битирувчиларидан иборат юқори малакали жамоа фаолият олиб бормоқда. 

Мактабда ўқувчилар фақатгина академик билим эмас, балки ижтимоий масъулият, лидерлик, тадқиқот олиб бориш ва жамоатчилик билан мулоқот қилиш кўникмаларини ҳам эгалламоқда. Бу эса Президент таъкидлаган инсон капиталини ривожлантириш стратегиясига ҳам тўлиқ мос келади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, алоҳида таълим траекториясини яратиш орқали меҳнат бозорига ёшларни етиштириб чиқариш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. 

 Бизнинг халқаро мактаб-интернат бугун оддий таълим муассасаси эмас. У Янги Ўзбекистон таълим сиёсатининг амалий натижаси, давлат ишончи ва халқаро эътироф уйғунлашган ноёб таълим масканидир. 

 

Жавоҳир АҲМЕДОВ, 

Ал-Беруний номидаги 

халқаро мактаб-интернати ижрочи директори.

ЎзА