Бухорода энг нуфузли халқаро фан олимпиадалари, республика танловлари ғолиблари, уларнинг устозларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўз билим ва иқтидори билан жаҳон миқёсидаги энг нуфузли халқаро фан олимпиадаларида, республика танловларида тенгдошлари билан рақобатга киришаётган, совринли ўринларни эгаллаб олтин, кумуш, бронза медалларни олиб келаётган, ўз иқтидор ва санъатини намоён этаётган бухоролик ёшлар сафи кенгайиб бораётганлигини фахр билан қайд этди.
Жумладан, аниқ, табиий фанлар ва чет тилларини ўқитиш, касб-ҳунар ўргатиш, мусиқа ва санъатни ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасаларида шарт-шароитлар ва кенг имкониятлар яратилди.
[gallery-24396]
Мактабларда театр студиялари ташкил этилиб, мусиқа ва санъат соҳасида иқтидорли ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салмоғини оширишга қаратилган “Турон” мактаб театри”, жорий йилдан бошлаб “Иқтидор” мактаб ансамбли” танловлари ўтказилиши йўлга қўйилди.
Бухоро вилоятида 26 минг нафарга яқин ўқувчи-ёшлар ушбу танловлар орқали мусиқа ва санъат соҳасида ўз иқтидорларини намоён этиб, шаҳар ва туманларда, қолаверса, барча мактабларда санъат соҳасидаги иқтидорли ўқувчилар жамоалари шаклланди.
Мазкур танловларнинг республика босқичида “Иқтидор” мактаб ансамбли” танлови бўйича Ғиждувон туманидаги 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси 1-ўринни, “Турон” мактаб театри” танлови бўйича Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси 3-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, “Ёш қутқарувчи” мусобақаси бўйича Бухоро шаҳридаги 19-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллаб, хориж сафарида бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Фахр билан айтиш керакки, бугунги кунда ушбу билимдонлар сафида жаҳон майдонларида муваффақият қозониб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келаётган бухоролик ўқувчилар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.
Якунланган ўқув йили давомида 37 нафар ўқувчи-ёшлар республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, республика фан олимпиадаларида 8 та совринли ўрин (3 та 1-ўрин, 3 та 3-ўрин, 2 та 3-ўрин) қайд этилган бўлса, халқаро фан олимпиадаларида 29 та (2 та олтин, 17 та кумуш, 10 та бронза) медаллар қўлга киритилди.
Тадбир давомида ана шу ғолиб ва совриндор ўқувчилар, уларнинг устозлари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда “Турон” мактаб театри” танлови бўйича Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси томонидан “Замонамиз Авлонийси” спектакли намойиш қилинди. Ғиждувон туманидаги 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси ва “Баркамол авлод” болалар мактаби ёш ижрочилари томонидан тайёрланган куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.