Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтидорли ёшлар камол топмоқда
10:11 / 2024-02-10

Ҳар бир ота-она фарзанди таълим сифати юқори бўлган мактабда таҳсил олишини истайди.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби сифатли таълим, намунали бошқарув, малакали мутахассис, қулай инфратузилма талабларига жавоб берувчи илм маскани ҳисобланади. 100 йиллик тарихга эга бўлган мазкур билим даргоҳида бугунги кунда 1 минг 186 ўқувчига 90 нафар ўз касбининг фидойиси саналган муаллим сабоқ бериб келмоқда. 

Илм даргоҳи 2019 йилда мукаммал таъмирланиб, барча замонавий шароитларга эга бўлди. Янги кутубхона, спорт зали, фаоллар зали ўқувчилар ихтиёрида. Компьютер қурилмалари, қизлар ва болалар учун технология жиҳозлари олиниб, ошхона янгиланди.

Мактаб битирувчиси Мухлиса Мамажонова 2022 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. У “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендияси ғолиби ҳам. Ҳозир эса халқаро “ТОП-100” талик рейтингидан жой олган Буюк Британиянинг Гласгов университети магистратурасида таҳсил олмоқда. 

– Бугунги кунда мактабимизда таълим олаётган ўқувчиларимиз эришаётган кўрсаткич ва ютуқлардан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди мактаб директори Одилжон Исматуллаев. – Масалан, 11-синф ўқувчиси Олимжон Аҳмаджонов туманимиз миқёсидаги барча ўқувчилар ўртасида энг юқори кўрсаткич асосида халқаро инглиз тили билимни аниқлаш даражаси бўйича “IELTS” синовида 8 бални қўлга киритганидан беҳад қувондик. Иқтидорли шогирдларимиз фан олимпиадасининг вилоят босқичларида кимё фанидан фахрли биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. 

Қайд этиш жоизки, мазкур илм масканида маҳалла фуқаролар йиғини раиси бошчилигида нуронийлар кенгаши аъзолари “Мактаб – ота-она – маҳалла” тамойили асосида ҳар ҳафта мактабда бир марта ўқувчиларга Ватанни севиш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчига айланиши, ёшлар мамлакат тараққиётининг эртанги келажаги, бугунги ислоҳотларнинг ҳақиқий давомчилари бўлиши лозимлиги, бу мақсадларга эришиш учун эса, албатта, кучли билимга эга бўлиш, юксак одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлигини уқтириб келишмоқда. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири