Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтидорли ёш мутахассислар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда
14:39 / 2023-04-12

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда онлайн тарғибот семинари ўтказилди.

Унда Президентимизнинг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни кенг тарғиб этиш масалалари кўриб чиқилди.  

Тадбирда вилоятдаги Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар, умумтаълим мактаблари ва академик лицей ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари, давлат органлари, ташкилотларининг кадрлар хизмати масъул ходимлари, хорижий давлатларда малака ошириш ҳамда ўқиш истагида бўлган давлат хизматчилари иштирок этди.  

Семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг хорижда стипендиатлар таълим олишини ташкил этиш бўлими бошлиғи Азизжўжа Аъзамхонов маълумот берди.  

– Ушбу семинар иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилояти филиали етакчи инспектори Дилшод Қодиров. – Бугунги кунда ёшлар ва давлат хизматчиларининг “Эл-юрт умиди” жамғармасининг бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш ҳам муҳим вазифалардан биридир.  

Семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказиладиган илғор хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 500 ўринга мўлжалланган 2023 йилги 1-очиқ стипендия танлови тартиби тўғрисида тушунчалар берилди.  

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 50-мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш белгиланган, – дейди Навоий давлат педагогика институти 4-босқич талабаси Акромжон Тожиев. – Шунингдек, дастурда ёшларни техник, аниқ фанлар ва IT соҳаларига йўналтириш ҳамда хорижий давлатларнинг нуфузли университетларида таълим олиши учун очиқ стипендия танловларини ўтказиш кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура йўналишларини тамомлаган ёки уларда PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган. Унга кўра, бакалавриат босқичини тугатган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баробаридан 30 баробаригача, магистратурасини тугатганга эса 20 баробаридан 40 баробаригача, илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига эса 50 баробаридан 75 баробаригача қўшимча устамалар тўлаб берилади.  

Қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтган семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.  

Абдували Бўриев, ЎзА