Олмалиқ шаҳрида “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг Тошкент вилояти босқичининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси Абдулла Хурсанов иштирок этиб, барча спортчи ёшларга ўз тилакларини билдирди.
Таъкидланганидек, охирги йиллар давлатимиз томонидан мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли юқори натижалар қўлга киритилмоқда. Спорт инфратузилмасини яхшилаш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун Тошкент вилоятида 15 та спорт объектлари ва уларнинг қурилишига 212 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
Айниқса, маҳаллаларда болаларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш мақсадида Спорт вазирлиги билан ҳамкорликда 150 дан зиёд спорт мажмуалари ташкил этилди. Ҳудудларда спорт мактаблари ва спорт федерацияларининг бўлимлари самарали фаолият юритмоқда. Спорт таълим муассасаларида шуғулланаётган ёшлар 46 минг нафардан ошди. Ўз навбатида иқтидорли спортчиларнинг сафи йил сайин кўпайиб, мамлакатимиз ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришмоқда.
Бошланаётган “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт мусобақалари ҳам ҳудудларда янги иқтидорларни кашф қилишида муҳим ўрин тутади. Мусобақалар 14 августдан 18 август санасига қадар таэквондо, спорт курашлари, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика, стол тенниси, дзюдо, баскетбол каби спорт турлари бўйича Нурафшон, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Юқори Чирчиқ ва Тошкент туманларида ўтказилади.
[gallery-24757]
Унда минтақалардан саралаб олинган 1 минг 358 нафар ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактабларидан 284 нафар спортчилар иштирок этиши режалаштирилган. Юқори натижаларни эгаллаганлар “Президент олимпиадаси”да Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Тадбирда машҳур санъаткорлар ижросидаги қўшиқлар ёшларга кўтаринки кайфият бағишлади.
А.Мусаев, ЎзА.