Маҳоратли ёшларни саралаш, уларни профессионал фаолият сари йўналтириш оммавий спорт тадбирлари орқали амалга оширилади.
Куни кеча Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида 25 ёшгача бўлган ҳаваскор ва иқтидорли ёшлар ўртасида ўтказилган “Иқтидорли шахматчилар” интеллектуал мусобақаси ҳам айни мақсадларга хизмат қилди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ўз иқтидорига, ақлий салоҳиятига ишонган кўплаб ёшлар мусобақада иштирок этди.

Юқори интеллектуал салоҳияти ва юксак спорт маҳоратини, “ақл жангларидаги” кўникмасини намойиш этган Рустамбек Эркинов, Шохруҳ Ҳамидуллаев, Беҳруз Қудратов ўғил болалар орасида, Улжаркин Камалова, Зарина Неъматжонова, Гавҳар Эркинова қизлар мусобақаларида совринли ўринларни эгаллади.

Мусобақа якунида 1-ўринни эгаллаган шахматчи ёшлар 5 миллион, 2-ўрин соҳиблари 3 миллион ва 3-ўриндан жой олганлар 2 миллион миқдоридаги пул мукофотлари, диплом ва махсус сертификатлар билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА