Янгийўл туманида “Зулфия” номидаги Давлат мукофотига тавсия этиш бўйича кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.
Танлов аввалида вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин қизлар бошқармаси бошлиғи Нилуфар Нормирзаева, Янгийўл туман ҳокими Одилжон Атауллаев ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу мукофот иқтидорли қизларни кашф этиш, уларнинг истеъдодини тарбиялаш ва юзага чиқаришда беқиёс ўрин тутаётганини таъкидлади.

Танловнинг 22 та шаҳар-туман босқичида иштирок этган 673 нафар иқтидорли қизлар орасидан 125 нафари вилоят босқичига сараланди. Улар вилоят ҳокимлиги томонидан эътироф этилиб, тақдирланди.

Жараёнда иштирокчи қизлар ушбу мукофотга талабгорларни танлаш ва уларнинг ҳужжатларини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги Низом асосидаги фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти бўйича ўз иқтидорларини намойиш этди.
– Жорий йилда ҳам жуда кўп иқтидорли қизлар мазкур танловга қатнашаётганига гувоҳи бўлдик, – дейди танловнинг ҳакамлар аъзоси Нигора Ўролова. – Уларнинг эришаётган ютуқлари, ҳар жабҳада фаоллигини кўриб хурсанд бўлдик. Ишонаманки, бу қизлар вилоятимиз ёшларига ўрнак бўлади. Иштирокчилар билан суҳбатлашсангиз ўзингизга бошқача куч ва кайфият оласиз. Якуний натижалар ҳам шунга яраша бўлишига ишонамиз.

Барча номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар йиғма жилдлари, йўналишлар бўйича талабгорларнинг ютуқлари, илмий-ижодий ва амалий ишлари нуфузли ҳайъат томонидан баҳолаб борилди. Қайд этиш жоизки, мазкур мукофот ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли хотин-қизларга ўқиш ва меҳнат фаолиятидаги ютуқлари учун берилади.


Йўналишлар бўйича ҳар бир ўринга муносиблар танлаб олинди. Эндиликда улар республика босқичига тавсия этилади. Қайд этиш лозимки, мазкур мукофот совриндорларига Президент қарори билан диплом, кўкрак нишони ҳамда пул мукофотлари ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида топширилади.
А.Мусаев, ЎзА.