Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтидор, зукколик ва нафосат беллашуви
11:13 / 2026-02-14

Навоий машинасозлик заводида фаол хотин-қизлар ўртасида “Муқаддас аёл” шиори остида “Комбинатнинг олтин аёли – 2026” кўрик-танлови ташкил этилди.

Унда заводнинг турли бўлинмаларида фаолият юритаётган 5 нафар истеъдодли ва зукко хотин-қиз иштирок этиб, уч босқич асосида ўзаро беллашди.

– Мазкур танловдан кўзланган асосий мақсад тизимда меҳнат қилаётган фаол, ташаббускор, ўз касбининг фидойиси бўлган хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ютуқ ва салоҳиятини кенг жамоатчиликка намоён этиш, шунингдек, турли соҳаларда фаолият юритаётган илғор мутахассисларни муносиб рағбатлантиришдан иборат, – дейди НМЗ маънавий-маърифий масалалар бўйича масъул ходими Машҳура Раҳимова. 

– Дастлаб танлов доирасида ташкилотчилар томонидан барча бўлинмаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар орасидан ишлаб чиқариш, илм-фан, жамоатчилик, маданият ва маънавият йўналишларида юқори натижаларга эришган етакчи ходималар саралаб олинди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларнинг ҳар бир чиқиши адолат ва холислик билан баҳолаб борилди. Қатнашчиларнинг маънавий-маърифий савияси, миллий қадриятларга ҳурмати, ижодий салоҳияти алоҳида инобатга олинди. 

Якунда Қозон пайвандлаш цехи техниги Маҳлиё Рустамова “Энг фаол аёл”, Марказий лабораторияси спектрал-таҳлил лаборанти Назира Тошмуродова “Энг қувноқ аёл”, Таъмирлаш механика цехи кран машинисти Лобар Тоирова “Мухлислар эътиборини қозонган аёл” номинацияси ғолиби деб топилди. Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ходими Дилобар Эргашева эса Гран-при соҳибасига айланди. 

Ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

А.Бўриев, ЎзА