Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқтидор ва билим синови
18:08 / 2026-01-06

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Самарқанд филиалида “Рақамли авлод қизлари” танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

Жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг рақамли технологиялар борасидаги билимларини бойитиш ва бу борада юқори натижаларга эришаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган танловда 125 нафар иштирокчи 16 – 20 ёш ва 21 – 30 ёш тоифалари бўйича беллашмоқда.  

[gallery-27010]

– Танловда “Testoria → AI Education Platform” лойиҳаси билан қатнашяпман, – дейди Каттақўрғон туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шукрона Фатуллаева. – Мақсадим – инновацион усуллар орқали сифатли таълим беришдан иборат. Ҳеч кимга сир эмас, бугун ёшлар орасида хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш юқори. Платформам ўқувчиларга инглиз тилини ўрганишда ёрдам бериш учун мўлжалланган. Бунда асосий мақсад – ҳар бир фойдаланувчига шахсий ёндашув, замонавий технологиялар ва самарали ўқув материаллари орқали муваффақиятга эришиш имкониятини яратишга қаратилган. Лойиҳанинг афзаллиги дастлаб тестлар орқали ўрганувчининг билим даражаси баҳоланиб, унинг даражасига мос дастур танланади. Кейин видео дарслар, ўйин машғулотлари орқали самарали ўқитиш йўлга қўйилади. Буни шахсий ўқитувчи назорат қилиб, ўрганувчиларга зарур кўрсатмаларни бериб боради. Ўқув дастури якунида ўрганувчиларга тегишли сертификатлар берилади. Лойиҳа якуний босқичда. Танловда қандай натижага эришишимдан қатъий назар лойиҳамни амалга ошириш бўйича изланишларимни давом эттираман.  

Иштирокчиларнинг танловга тақдим этган лойиҳалари ва уларнинг бу борадаги билим-кўникмалари малакали мутахассислар томонидан баҳоланмоқда.

Танлов низомига кўра, иккала ёш тоифаси бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари