Кейинги пайтда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор йирик ташаббуслар амалга оширилмоқда. Тошкентда “Марказий Осиёда иқлим молиясидаги бўшлиқларни бартараф этиш” лойиҳаси доирасида ўтказилган халқаро тадбирда томонлар галдаги вазифаларни белгилаб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI), Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт ташкилоти (FCDO) ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда иқтисодиёт тармоқларида декарбонизация жараёнларини тезлаштириш, яшил инвестицияларни жалб этиш ва иқлим молиялаштириш механизмларини кенгайтиришда тижорат банклари салоҳиятини ошириш ҳақида сўз юритилди.
Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, GGGI нинг бош директор ўринбосари ва Осиё минтақавий директори Малле Фофана ва бошқалар минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, яшил тараққиёт бўйича тажриба алмашиш, ёндашувларни мувофиқлаштириш ва ахборот-технологик қўллаб-қувватлаш механизмларини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор ривожлантириш мақсадида Марказий Осиёда халқаро ҳамкорлик доирасида қатор йирик ташаббуслар амалга ошириляпти. Хусусан, минтақада иқлим молияси имкониятларини кенгайтириш, молиявий бўшлиқларни қисқартириш ва яшил лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш йўналишида аниқ қадамлар қўйилмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган навбатдаги минтақавий тадбир Марказий Осиёда “иқлим молиясидаги бўшлиқларни бартараф этиш” лойиҳаси доирасида халқаро ташкилотлар, давлат идоралари ва тижорат банклари ўртасида самарали мулоқот учун муҳим платформа бўлди.
Қайд этилганидек, ушбу тадбир Марказий Осиёда иқлим молияси, углерод бозори ва экологик инвестицияларни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаради. Мулоқотлар минтақада барқарор иқтисодиётга ўтиш, технологик янгиланишни жадаллаштириш ва халқаро молиявий механизмлардан самарали фойдаланиш учун мустаҳкам асос яратиб беришга хизмат қилади.
Шунингдек, тадбир доирасида GGGI бош директор ўринбосари ва Осиё минтақавий директори Малле Фофана билан учрашув ўтказилди. Музокаралар чоғида Париж битимининг 6-моддаси доирасида углерод бирликлари савдоси механизмларини жорий этиш бўйича амалий таклифлар кўриб чиқилди. Ушбу йўналиш Ўзбекистонда углерод бозорини босқичма-босқич ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий ва институционал замин яратади.
Суҳбат давомида энергия самарадор ва кам углеродли технологияларни жорий этиш, энергетика секторида рақамли ва ақлли ечимлар қўллаш билан боғлиқ тажриба лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг миллий яшил таксономиясини такомиллаштириш, яшил лойиҳаларни молиялаштириш бўйича институционал салоҳиятни ривожлантириш ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.
Музокаралар якунида мавжуд лойиҳалар самарадорлигини ошириш ва янги ташаббусларни амалга ошириш йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувга эришилди. Келгусида бажарилиши кўзда тутилган устувор чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА