Бугунги кунда экология ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар табиат ва ер ресурсларига салбий таъсир кўрсатиши баробарида инсоният саломатлилига ҳам катта хавф туғдирмоқда. Бу борада дунё миқёсида муайян чораларни кўриш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил олиб борилмоқда. Шу жумладан мамлакатимизда ҳам экологик муаммолар ва хавф-хатарлар таъсирини камайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент давлат техника университети ва Корея университети ҳамкорлигида “Экология, иқлим ўзгариши ва унинг аҳоли саломатлигига таъсири” мавзусида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуман айни масалалар муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда экология ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутатлар Т.Бобомуратов, Ф.Саломова ва Ш.Умархўжаева иштирок этиб, экология ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, иқлим ўзгаришларига мослашиш, саломатликни асраш борасида фикрларини билдирдилар.

Шунингдек, тадбир давомида Тошкент давлат тиббиёт университети олимлари Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон ва Россиянинг етакчи мутахассислари билан биргаликда иқлим ўзгаришининг аҳоли саломатлигига таъсири, экология ва атроф-муҳит муҳофазасига оид илмий изланишлар, амалий тажрибалар ҳамда замонавий ечимларни тақдим этдилар.
Шу билан бирга, экологик хавфларни камайтириш бўйича самарали механизмлар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида иқлим ўзгариши билан боғлиқ саломатлик учун хавфли омилларни камайтиришда миллий ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш, экологик билим ва маданиятни, айниқса, ёшлар ўртасида экологик фаоллик ва масъулиятни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА