Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида ўтказилган маслаҳат учрашуви иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича тадбирларга хусусий секторни жалб қилишнинг инновацион молиявий механизмлари муҳокамасига бағишланди.
Идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари, маҳаллий ҳамкорлар ва мутахассислар иштирок этган тадбирда “Ўзбекистонда мослашиш чоралари ва ҳаракатларини ўрта ва узоқ муддатли режалаштиришга кўмаклашиш учун иқтисодиёт ва минтақаларнинг иқлим ўзгаришига энг заиф тармоқларига қаратилган Миллий мослашиш режаси” лойиҳаси тақдимотига аҳамият қаратилди.
2020-2023 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа БМТТД, Яшил иқлим жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унда иқлим ўзгаришига мослашиш табиий, ижтимоий, иқтисодий тизимларни ҳақиқий ёки кутилаётган иқлим ўзгаришига ва унинг оқибатларига мослаштириш каби қатор масалаларга тавсиялар ишлаб чиқиш мақсад қилинган.
БМТТДнинг Иқлим молияси бўйича таҳлилчиси Нурилло Абдунабиевнинг маълумот беришича, ушбу лойиҳа жамоаси томонидан таклиф этилаётган молиявий механизмларни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг ижтимоий-иқтисодий шароитларига мослаштириш кўзда тутилган.
– Лойиҳада бешта соҳа, яъни, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши ва фавқулодда вазиятлар учун 12 та ва учта соҳалараро молиявий механизм таклиф этилмоқда. Бу молиявий механизмлар янада такомиллаштирилиб, ҳукуматга тақдим қилинади. Масалан, улар орасида солиқдан имтиёз, давлат томонидан субсидия ажратиш, иқлим ўзгаришида асосан чўллашаётган ҳудудлардаги аёллар ва ёш болаларни қўллаб-қувватлаш каби тавсиялар бор. Ўз навбатида, бугун тақдимотда гендер тенглигини ҳам таъминловчи механизмлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Ушбу тавсия этилаётган молиявий механизмларнинг ижобий томони шундаки, улар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ёрдам беради. Чўллашаётган ва сув танқислиги кузатилаётган фермер хўжаликларига кўмак бўлади, – деди Н.Абдунабиев.
Айтиш жоизки, иқлим ўзгаришига мослашиш нафақат давлат сиёсатига, балки ушбу жараённинг бошқа иштирокчилари, жумладан, давлат ва хусусий сектор, фуқаролик жамияти вакилларининг фаол, узлуксиз иштирок этишига ҳам боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда Миллий мослашиш режасини ишлаб чиқиш жараёни бошланди. Иқлим ўзгаришига заифликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни муваффақиятли амалга ошириш самарали молиявий механизмлардан фойдаланишни тақозо этади.
– Миллий мослашиш режаси лойиҳаси бўйича учта ҳудудда маслаҳат учрашувлари ўтказилди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори ўринбосари Камолиддин Идрисов. – Ушбу тадбир лойиҳанинг якуний тақдимоти ҳисобланади. Лойиҳа жамоаси иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган тавсияларини таклиф қилмоқда. Масалан, ундан айнан шундай вазиятда суғоришда қандай ускуналардан фойдаланиш ёки фермерлар фаолиятида нималарга эътибор бериш, энергия тежамкор ускуналар ҳақида, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар бўйича тавсиялар ўрин олган.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири