Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфининг кучайиши барқарор ривожланиш жараёнларига жиддий таъсир кўрсатади. Музликларнинг эриши, кўл тўсиқларининг бузилиши ва кўчкилар хавфи нафақат табиат, балки маҳаллий аҳоли ҳаёти учун ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Шу сабабли, ЮНЕСКО минтақада аҳолининг табиий офатлар таъсирига нисбатан заифлигини камайтиришга қаратилган қатор амалий ташаббусларни йўлга қўйган. Мазкур ташкилотнинг “Марказий Осиёда музлик кўлларининг тошиб чиқиши хавфини камайтириш” (GLOFCA) лойиҳаси шулар жумласидан.
Яқинда мазкур лойиҳа доирасида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” давлат муассасаси ҳамда ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси ҳамкорлигида Тошкент вилоятидаги Пском дарёси водийсида дарахт экиш акцияси ўтказилди.
Мазкур тадбирда ҳамкор ташкилотлар масъуллари, мутахассислар, ўқитувчилар ва мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Акция доирасида тупроқни мустаҳкамлаш ва тоғ ёнбағирлари эрозиясининг олдини олишга ёрдам берувчи сумак ва терак ниҳоллари экилди. Бу ҳудудларда музлик кўллари ва кўчки хавфли зоналарнинг мунтазам мониторинги, аҳолининг экологик хабардорлигини ошириш, таълим муассасалари билан ҳамкорликда иқлим ўзгаришига мослашиш чораларини амалга ошириш ишлари йўлга қўйилган.
– Пском водийси Ўзбекистоннинг энг кўчки хавфли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда тик тоғ ёнбағирлари, кучли ёмғирлар ва музликларнинг эриши кўчкилар ҳамда селлар хавфини кучайтиради. Шу сабабли, бу ерда сув тошқинлари, ер кўчкилари ва сел каби табиий офатлар содир бўлиши мумкин. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу ҳудудда 14 га яқин аҳоли пункти мавжуд. Шу боис, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” давлат муассасаси ҳамда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда бу ерда дарахт экиш ишларини ташкил қилдик. Шу билан бирга, ҳамкорлик доирасида илмий тадқиқотлар ҳам олиб борилмоқда. Лойиҳа 2022 йилдан буён амалиётга татбиқ этиляпти, – деди “Гидрогеология ва инженерлик геологияси институти” ДМ директори Ғани Бимурзаев.
ЮНЕСКОнинг Олмаотадаги Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси табиий фанлар бўлими раҳбари Елена Осипова маълум қилганидек, ташкилотнинг ушбу офиси ҳозирда Ўзбекистонда “Марказий Осиёда музлик кўлларининг тошиб чиқиши хавфини камайтириш” лойиҳаси доирасида фаолият олиб бормоқда.
– Бу лойиҳа музлик кўлларининг тошиб чиқиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган офатлар хавфини камайтиришга қаратилган. Мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистондаги турли миллий ҳамкорлар, вазирликлар ҳамда илмий институтлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Пском водийсида дарахт экдик. Ушбу дастур лойиҳа доирасида қўшимча чора сифатида ишлаб чиқилган бўлиб, асосий мақсад офатлар хавфини камайтириш, тоғ ёнбағирларини мустаҳкамлаш ва кўчкиларнинг олдини олишдан иборат. Бу ташаббус табиатни муҳофаза қилиш ва минтақада экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади, – дея қайд этди Елена Осипова.
Тадбир якунида ўқувчилар учун расмлар танлови ташкил этилиб, табиий хавфсизлик ва офатлар хавфини камайтириш бўйича ўқув машғулотларида фаол иштирок этган болалар тақдирланди.
<iframe width="923" height="519" src="https://www.youtube.com/embed/V0bLdOdOUjk" title="Iqlim o‘zgarishiga moslashish bo‘yicha qanday choralar ko‘rilmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА