Бугунги кунда бутун Ер сайёрасида иқлим ўзгариши энг глобал экологик муаммо сифатида бўй кўрсатмоқда. Бу муаммо ҳар бир инсон ҳаёти ва саломатлигига, мамлакатлар иқтисодиёти ва равнақига, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатаётир.
Халқаро тадқиқотларга кўра, сўнгги 100 йил давомида Ер сайёрасининг ўртача ҳарорати 1°С дан ортиқ кўтарилган. 2024 йилда глобал ҳарорат 1,55°C га кўтарилиб, Париж келишувида белгиланган 1,5°C чегарадан ошиб кетди.
Маълумотларга кўра, илмий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, иқлим ўзгариши жиддий муаммо сифатида 65 ёшдан ўтган инсонлар орасида ўлим даражасининг 167 фоизга кўпайишига, юрак-қон томир касалликлари ва нафас йўллари муаммоларини келтириб чиқаришга, дунё бўйлаб меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида 512,4 млрд. соат иш вақтининг йўқотилиши натижасида даромадларнинг 835 млрд. АҚШ долларга қисқаришига ҳамда PM2.5 моддалари билан ҳаво ифлосланиши оқибатида 3,33 миллион инсон барвақт ўлим топишига сабаб бўлмоқда.
Экологик муаммолар занжир сингари бири иккинчисининг юзага келишига сабаб бўлади. Хусусан, иқлим ўзгариши оқибатида экстремал об-ҳаво ҳодисалари, музликларнинг эриши, чўлланиш жараёнининг кучайиши, биохилма-хилликнинг бузилиши, тупроқ деградацияси, сув тақчиллиги, атмосфера таркибида зарарли моддаларнинг кўпайиши кабилар юз беради. Бу каби таҳдидлар, албатта, Ернинг мувозанатида хатарли ўзгаришларни юзага келтиради ва инсон ҳаёти, саломатлигига жиддий хавф туғдиради.
Шундай экан, иқлим ва атроф-муҳитни асрашга умумбашарий масъулият ва вазифа сифатида қараб, ўз ҳиссамизни қўшишимиз долзарб. Бу борада 8 декабрь – Бутунжаҳон иқлимни муҳофаза қилиш куни сифатида белгилангани бутун инсониятни иқлим ўзгаришлари хавф-хатаридан огоҳлантириш ва табиий муҳитни, иқлимни муҳофаза қилишга чақиришдан иборатдир. Ушбу сана табиатга онгли муносабатда бўлиш зарурлигини эслатиб турувчи экологик санадир.
Мамлакатимизда ҳам иқлим ўзгаришига мослашиш, энергия самарадорлигини ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш, яшилликни кенгайтириш ҳамда сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу орқали аҳоли вакилларини ресурсларни тежашга, чиқиндиларни саралаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик фаол бўлишга чақирилмоқда. Иқлимни, табиий муҳитни асраш келажагимиз хавфсизлигини таъминлашга замин бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА