Миср Араб Республикасининг Шарм ал-Шайх шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (СОР-27) томонларининг 27-конференцияси бўлиб ўтди.
1995 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган тадбирнинг навбатдагисида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга оид мавжуд илмий далиллар ва воситаларни баҳолаш бўйича илғор тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилган анжуман доирасида бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш муҳокама этилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш орқали иқтисодий тараққиётга эришишга эътибор қаратилаётганини қайд этди. Углероддан камроқ фойдаланишга ўтиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш устувор йўналиш ҳисобланади.
Париж битими доирасида Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига парник газлар чиқаришни 35 фоизга камайтиради. Қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилади. 2026 йилгача “яшил” энергетика улушини 8 минг МВтга етказиш режалаштирилмоқда. Бу эса карбонат ангидрид гази чиқаришни 5 миллион тоннага камайтириш имконини беради. 2030 йилга келиб иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини икки баравар ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини эса камида 25 фоизга етказиш режалаштирилган
Ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экишни назарда тутувчи “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кўп жиҳатдан республикада иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишга ва уларга мослашишга хизмат қилади. Натижада беш йилдан сўнг шаҳарлардаги кўкаламзор майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошади.
Сув тежовчи технологияларни жорий этишга ҳаракат қилинмоқда. Кейинги беш йилда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектардан ортиқ ўрмон плантацияси барпо этилган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 миллион гектаргача ёки ҳудуднинг қарийб 80 фоизини ташкил этади. БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси билан Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилинди.
Кейинги йилда Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича БМТнинг иккита йирик тадбирини ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
ЎзА