Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иқболжон Эргашев: Фарғона вилоятида инвестиция миқдори 1,4 миллиардга етади
12:14 / 2023-07-25

Иқтисодий ислоҳот

Кейинги йилларда аксарият соҳаларга хориж инвестициясини киритиш ҳамда иқтисодиётнинг ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом ва Осиё тараққиёт банклари, бошқа халқаро молия институтлари ҳамда кўплаб хорижий давлатлар билан олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик натижаларига кўра, мамлакатимизда инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. 

Президентимиз инвестиция лойиҳалари бўйича кўрсаткичларга аҳамият қаратар экан, кенг миқёсли инвестициялар юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамловчи омил бўлишини алоҳида таъкидлаб, “Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган” дея фикр билдирган эди. 

Фарғона вилоятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида хорижий инвестицияларни жалб этиш кўлами кенгайиб бормоқда, янги қувватлар ишга туширилиб, қўшимча иш ўринлари яратилмоқда. Жозибадор инвестиция муҳити яратилаётгани туфайли хорижий инвесторларнинг бизнес юритишга интилиши ортиб бормоқда.

Биз шу ҳақда Фарғона вилоят ҳокими ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев билан суҳбатлашдик.

–Иқболжон, Фарғона вилоятида инвестиция ҳажми узлуксиз ортиб бораётганининг сабаблари нимада? Йил давомида киритиладиган инвестиция миқдори қанча бўлиши кутиляпти?

–Олиб борилган изланишлар ва самарали иқтисодий алоқалар вилоятга хорижий инвестициялар жалб қилишнинг ўртача йиллик миқдорини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш имконини берди. 3,4 триллион сўмлик қувватга эга саноат корхоналари барпо этилаётгани, йилига қўшимча 200 миллион АҚШ долларлик экспорт имконияти яратилаётгани инвестиция соҳасида бажарилган ишлар ҳажмини кўрсатиб турибди.

Жорий йил бошида икки ой сақланиб турган аномал совуқ ҳаво кўп соҳада бўлгани каби инвестиция соҳасига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Шунга қарамасдан, йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоятимизда, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 426 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бу режага нисбатан қарийб 2 бараварни, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100 фоизни ташкил этади.

Қайд этилган маблағнинг 192 миллион АҚШ доллари, яъни 45 фоизи хорижий кредитлар ҳиссасига тўғри келади. Бу рақамни 2020 йил билан таққосласак, вилоятда хорижий кредитлар улуши 25 фоизга камайгани аён бўлади.

–Инвестиция киритаётган асосий давлатларни санаб ўтсангиз.

– Инвестицияларнинг асосий қисми, яъни 128 миллион АҚШ доллари Хитой, 85 миллион АҚШ доллари Россия  давлатидан киритилган. Улар асосан тўқимачилик, нефть-газ, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун сарфланмоқда.

Йил бошида ҳар бир шаҳар ва туманда 50 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган эди. Шунга мувофиқ, ҳудудларда 50 миллион доллардан юқори қийматдаги инвестиция лойиҳалари шакллантирилиб, “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.

Вилоятимизнинг анклав ҳудуди  Сўх туманида 52,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлса, Фарғона, Қувасой каби йирик саноат шаҳарлари 200-300 миллион АҚШ долларилик лойиҳаларни шакллантирди.

–Инвестициялар қайси соҳаларга йўналтириляпти?

– Биз бу йил инвестицияларни жалб қилишда асосий эътиборни ички ва халқаро бозорларда талаб юқори бўлган сифатли маҳсулот ҳамда хизматлар яратувчи илғор технологияларни ўзлаштиришга қаратдик. Шундан келиб чиқиб, вилоятимизда инвесторлар томонидан кейинги йилларда амалга ошириладиган умумий қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларидан иборат бўлган мега ва стратегик аҳамиятга эга 12 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари бўйича Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Германия давлатларининг етакчи компаниялари билан музокаралар олиб бордик. Хитой давлатидаги қуёш панелларини ишлаб чиқарувчи “Jiangxi  LDK Solar Hi-tech СО” компаниясига ташриф буюриб, дастлабки келишувларга эришдик.

Мазкур компания ҳамкорлигида тоифаси паст бўлган Фурқат туманида қиймати 45 миллион АҚШ долларлик, йиллик қуввати 1 ГВтли қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган ва 200 та иш ўрни яратиладиган лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, махсус йўналишларга ихтисослашган технопаркларда ривожланган давлатлар инвесторлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Булар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасидаги япон махсус технопарки, шу зонанинг Қувасой шаҳри ҳисобига кенгайтирилаётган ҳудудларидаги хитой ва турк махсус технопарклари, Экошаҳар ҳудудидаги кичик саноат зонасида барпо этилаётган Корея махсус технопаркидир. Шу ҳудудда “Ўзэлтехсаноат” ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган электротехника технопарклари доирасида ишлар бошланган.

Фарғона шаҳри Қиргули саноат зонасида ташкил этилган кимё саноати технопаркида умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларилик минерал ўғитлар ва меламин маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

–Туризм соҳасида Фарғона Самарқандга тенглаша олмас. Аммо вилоятга хорижий сайёҳлар оқими тобора ортиб боряпти. Бунда инвестиция лойиҳаларининг ҳам ўрни борми?

– Туризм ва хизматлар йўналишида ҳам инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бу борада Фарғона шаҳрида Япония давлатининг “Shogun city” компанияси ҳамкорлигида қиймати 15 миллион АҚШ доллари бўлган Япон боғи, меҳмонхона, ресторанлар мажмуаси ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришганмиз.

–Фарғона саноатида тўқимачилик соҳаси етакчилик қилмоқда. Буни инвесторлар мисолида ҳам кўриш мумкинми?

–Тўқимачилик соҳасида “Хомашёдан тайёр маҳсулотгача” ишлаб чиқариш занжирини яратиш мақсадида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.

Ўтган йили Қўштепа туманидаги “Глобал текстиль” пахта тўқимачилик кластери негизида ташкил қилинган, илғор технологиялар асосида тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини қамраб олган корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар жаҳон бозорларида нуфузли нархларда сотилмоқда.

Жаҳон талабига мос сифатли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида вилоятимиздаги барча тўқимачилик корхоналарини замонавий технологиялар билан таъминлаш учун хорижий инвестициялар жалб қилинмоқда.

Риштон туманидаги “Русўзбектекс” пахта-тўқимачилик корхонаси томонидан умумий қиймати 25 миллион АҚШ доллари бўлган, илғор Европа технологияларига асосланган “Момиқ сочиқ ва момиқ матодан бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа жорий йил сентябрь ойида ишга тушиши натижасида Европа бозорларига йилига 20 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинади.   

Инвестиция дастурига асосан, вилоятда жорий йилда 709 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестициялар ўзлаштириш режаси белгиланган эди. Вилоятнинг инвестиция салоҳияти ҳамда амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларни инобатга олсак, бу кўрсаткични икки баробарга ошириш имкониятлари мавжудлигини ҳисоб-китоб қилдик. 

–Сиз жуда катта рақам ҳақида гапиряпсиз. Унинг асосларини ҳам айтсангиз.

– Қўшимча яратиб берилган имкониятлар ва имтиёзлардан фойдаланиб, амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳаларимизни ҳисоб-китоб қилиб, жорий йил якуни билан вилоятда қарийб 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирдик. 

Жумладан, тасдиқланган Инвестиция дастури асосида амалга оширилаётган 71 та лойиҳа ҳисобига 709 миллион АҚШ доллари;

– олий даражадаги ташрифлар ва халқаро тадбирлар доирасида 45 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига қарийб 258 миллион АҚШ доллари;

–вилоятда ташкил этилган “Лойиҳа гуруҳлари” томонидан янги ишлаб чиқилган 32 та лойиҳа ҳисобидан 81,8 миллион АҚШ доллари;

–вилоятнинг 4 ва 5-тоифаларига киритилган туманларини ривожлантириш бўйича 119 та истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 201,2 миллион АҚШ доллари;

–махсус технопаркларда ва “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш ҳисобига Қувасой шаҳрида ташкил қилинаётган 210,4 гектар ер майдонида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида 150 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, шундай оғир вазиятда, одамларимизга муносиб шароит яратиш учун юз минглаб юқори даромадли иш ўринлари ташкил этиш, дунё бозорида рақобат қила оладиган маҳсулотларни кўпайтириш зарур. Бунинг учун эса янги-янги технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш талаб этилади. Шу маънода, Фарғона вилоятида ҳам белгиланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида юзлаб юртдошларимиз бандлигини таъминлаш имконияти вужудга келади.

–Суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

ЎзА