Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ипотекани молиялаштиришда Ўзбекистон учун Жанубий Корея тажрибаси қўл келадими?
15:06 / 2023-05-31

Мамлакатимизда ипотекани молиялаштиришда халқаро тажриба муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, олимларимиз томонидан бу борада кўплаб давлатлар тажрибасини ўрганиб, улардан маъқул томонларини ушбу соҳада қўллаш учун ўз тавсияларини тақдим этиб келмоқда.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Жасур Жалолов ипотекани молиялаштириш борасида Жанубий Корея тажрибаси ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.  

– Очиғини айтиш керакки, ҳар бир давлат соҳалар ривожи йўлида хориж тажрибасини ўрганади, – деди у. – Шу ўринда Жанубий Корея тажрибаси ҳақида сўз юритайлик. Хўш, ипотекани молиялаштиришда ушбу давлат тажрибаси қандай ва у қайси йўлдан борди?  

Ҳаммамизга маълумки, Корея Републикаси деярли барча йўналишда яхши натижаларга эришмоқда. Жумладан, ипотекани молиялаштириш йўналишида ҳам бошқа давлатларга ўрнак бўла оладиган тажрибага эга.  

Жанубий Кореяда ипотека билан таъминланган қимматли қоғозлар (MBS) бозорининг дастлабки ривожланиш даври 1990 йилларнинг охири ва 2000 йилларнинг бошларига тўғри келади. Бу жараёнда молиявий сектордаги ислоҳотларни олайлик. 1997 йилда Осиёда рўй берган молиявий инқироздан сўнг Жанубий Кореяда иқтисодиётни барқарорлаштириш ва молиявий тизимни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар ипотека бозорини ривожлантиришда ёрдам берадиган чора-тадбирларни ҳам қамраб олди.  

1999 йилда Жанубий Корея ҳукумати ипотекага оид қонунни қабул қилди. Бу мамлакатда MBS эмиссиясининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди. Мазкур қонун ушбу давлатда MBS бозорининг ривожланиши учун ҳуқуқий асос яратди ва 1999 йилнинг сентябрь ойида Корея ипотека корпорацияси ташкил этилди. 

2004 йилда Жанубий Корея ҳукумати ипотека кредитларини секюритизация қилиш ва уй-жой учун кредитлар бўйича кредит кафолатларини тақдим этиш орқали уй-жойни молиялаштиришнинг ишончли ва узоқ муддатли манбаларини шакллантириш мақсадида КHFC давлат муассасасини ташкил этди. КHFC Жанубий Кореяда MBS бозорининг ўсишида муҳим роль ўйнади. У MBSнинг асосий эмитенти бўлиб хизмат қилди ва иккиламчи бозор фаолиятини қўллаб-қувватлади. 

 2004 йилда КHFC Жанубий Кореяда 545,6 миллиард вон (тахминан 430 миллион АҚШ доллари) қийматида ипотека билан таъминланган биринчи қимматли қоғозлар чиқарилди. Ушбу эмиссия Жанубий Кореяда MBS бозорининг ривожланишини белгилаб берди ва ипотека кредитларини секюритизация қилишнинг мақсадга мувофиқлигини кўрсатди. Натижада 2004 йил якунига қадар КHFC томонида 17 та молиявий ташкилотнинг ипотека портфелидан иборат бўлган 7 та MBS пакетлари бозорга чиқарилди.  

Шунингдек, КHFC MBS дастурининг дастлабки муваффақиятидан сўнг, Kookmin Bank, Shinhan Bank вa Woori Bank каби йирик тижорат банклари MBS бозорида қатнаша бошлади. Ушбу банклар бозорнинг ўсишига ҳиссасини қўшган ҳолда ўзларининг ипотека қимматли қоғозларини чиқара бошлади.  

Шу тариқа, Жанубий Кореянинг MBS бозори йиллар давомида кенгайиб борди. КHFC мунтазам равишда MBS чиқаришни давом эттираяпти, тижорат банклари эса бозордаги иштирокини босқичма-босқич амалга оширмоқда. Бозор ипотека билан таъминланган қимматли қоғозлар (MBS) ва ипотека билан таъминланган облигацияларни (MBS) ўз ичига олган ҳолда ривожланмоқда.  

Амалга оширилган ишлар натижасида ипотека билан таъминланган қимматли қоғозлар бозорининг ҳажми 2004 йилдаги 2,3 миллиард АҚШ долларидан 2021 йилда 134,1 миллиард АҚШ долларига етди.  

Демак, ипотека билан таъминланган қимматли қоғозларни чиқариш орқали капитал бозоридан узоқ муддатли, белгиланган ставкали молиялаштириш маблағларини жалб қилган ҳолда паст ва ўрта даромадли уй хўжаликларининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ипотека кредитлари кўринишида қондиришда секюритизация жараёнининг муваффақиятли эканлигидан далолат беради.  

 

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА  

ёзиб олди