Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бирига айланди. Янги уй-жойлар қуриш ҳажмини ошириш, ипотека кредитларини оммалаштириш ва фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ипотека бозорини такомиллаштириш, субсидия ажратиш тартибини шаффофлаштириш ва молиявий механизмларни кенгайтириш бу соҳадаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Бу борада жорий йил 24 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ипотека тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Мазкур ҳужжат ипотека кредитлари ажратиш тартибини такомиллаштириш, субсидиялар тизимини рақамлаштириш, фуқаролар учун янги молиявий инструмент “ипотека омонати” механизмини жорий этиш каби бир қатор янгиликларни назарда тутади.
Бу янгиликлар ипотека тизимида шаффофликни ошириш, аҳолининг молиявий имкониятларини кенгайтириш ҳамда қурилиш бозорини янада фаоллаштиришга хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, кўп квартирали уйлардан хонадон сотиб олиш учун ажратиладиган субсидиялар тизими тўлиқ рақамлаштирилади. Энди фуқароларнинг субсидия олишга мос келиши Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг subsidiya.idm.uz ахборот тизими орқали автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бу янгилик инсон омилини камайтириш, аризаларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш ҳамда шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, субсидия олиш учун аризалар ҳар йили 16 мартдан 1 декабргача қабул қилиниши белгиланди.
Фармонда бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун ажратиладиган ипотека кредитларининг энг юқори миқдори ҳам аниқ белгиланди. Хусусан, Тошкент шаҳрида — 480 млн. сўмгача, ҳудудларда — 380 млн. сўмгача белгиланди. Бу лимитлар ипотека маблағларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш ва уй-жой бозорида муайян барқарорликни сақлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ипотека кредитлари фақат расмий даромадга эга фуқароларга берилади. Шу билан бирга, фуқаро ижтимоий солиқ тўлаб келган бўлиши талаб қилинади. Бу талаб босқичма-босқич жорий этилади. 2026 йилда сўнгги 1 йил, 2027 йилда сўнгги 2 йил, 2028 йилдан бошлаб сўнгги 3 йил жорий этилади. Мазкур механизм фуқароларни расмий иш билан таъминланишга рағбатлантириш ва ипотека кредитлари бўйича тўлов қобилиятини аниқроқ баҳолашга хизмат қилиши мумкин.
Фармон билан ипотека тизимига янги механизм — “ипотека омонати” ҳам жорий этилмоқда. 2026 йил 1 июлдан бошлаб хорижий тажриба асосида тажриба-синов тартибида ишга тушириладиган мазкур тизим фуқароларнинг ипотека олишдан олдин маблағ жамғаришини рағбатлантиришга қаратилган.
Механизм қуйидагича ишлайди. Жумладан, субсидия олиш бўйича ижобий хабарнома олган фуқаро банкда ипотека омонати очади. Ушбу омонатга ипотека кредити бўйича талаб қилинадиган дастлабки бадалнинг бир қисми жамғарилади. Омонат 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда шакллантирилади. Шу билан бирга, давлат субсидиялари ҳам ушбу омонатни шакллантириш учун олдиндан ўтказилиши мумкин. Омонат маблағларига тижорат банклари томонидан бозор ставкасида фоиз ҳисобланади.
Фармонда ипотека олувчилар учун яна бир муҳим енгиллик белгиланди. Кредит ажратилгандан кейин дастлабки 5 йил давомида ипотека фоизларининг Марказий банк асосий ставкасидаги қисмидан юқори қисми давлат субсидиялари ҳисобидан қоплаб берилади. Бу ипотека қарздорларининг молиявий юкини камайтиришга хизмат қилади.
Ҳужжатга мувофиқ, ипотека кредитларини қайта молиялаштириш лимити 15 фоизга оширилади. 2026 йил учун ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланади. “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси”нинг устав капитали 2030 йилга қадар 5 триллион сўмга етказилади. Бу маблағлар давлат бюджети ва тижорат банклари ресурслари ҳисобидан шакллантирилади.
Иқтисодий таҳлилларга кўра, ипотека тизимидаги ушбу янгиликлар бир нечта муҳим натижаларга олиб келиши мумкин. Биринчидан, субсидиялар тақсимоти рақамлаштирилиши орқали тизимдаги шаффофлик ва адолатлилик ошади. Иккинчидан, “ипотека омонати” механизми аҳолининг молиявий интизомини кучайтириш ва дастлабки бадал муаммосини қисман ҳал этишга ёрдам беради.
– Субсидия ажратиш жараёнининг рақамлаштирилиши коррупция хавфини камайтиради ва аризаларни кўриб чиқишни анча тезлаштиради, – дейди Банк-молия академиясининг катта ўқитувчиси, ислом молияси эксперти Ҳамид Раҳматов. – Энг муҳими, бу тизим субсидиялар ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилаларга етиб боришини таъминлайди.
Шунингдек, расмий даромад ва ижтимоий солиқ талабининг жорий этилиши иқтисодиётда ноқонуний меҳнат улушини камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Умуман олганда, мазкур фармон ипотека тизимини янада самарали ва барқарор ривожлантиришга қаратилган бўлиб, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА