Фармон ва шарҳ
Болохонали уй. Унинг дарвозаси олдида тўхтаган машинадан дафтар-ручкали бир киши тушди. Остонада шу хонадоннинг ёши улуғи – Қизларгул момо билан шошмасдан суҳбатлашди.
– Ҳа, бу бир қути, – деди меҳмон кетар чоғи. – Сизларга ажратилгани шу бўлди. Энди ўзингиз бош бўлиб қараб берасиз, эна. Ўзимиз хабар олиб турамиз, камчиликлар бўлса айтарсиз. Чарчамангизлар...
Момо иссиққина хонанинг тўридаги хонтахтага қалин дафтар муқовасини ташлади. Қоғозга ўша қутидаги қорамтир, жуда митти жонзотларни оҳиста тўкди. Биттагина тут япроғини майдалаб, уни ҳам муқова сатҳига сочди.
Ипак қурти – табиатнинг мўъжизаси. Уч-тўрт кун бир киши эплаб юрган “муқова” соат сайин кенгайди. Сал ўтмай катта-катта сўрилар банд бўлди. Пиллахона назоратда бўлди. Емишини кунми, тунми фарқи йўқ – соатга қараб беришди. Гўдакка бўлгандай эътибор уларга бўлди. Бора-бора қариндошлар, қўни-қўшни ҳашарга чиқишди. Баҳонада давра-давра суҳбатлар, шеърхонликлар қилинди. Айтилганидек, бу ишга Қизларгул момо бош бўлди.
Бу воқеаларга ўн беш-йигирма йиллар бўлиб кетди. Бугун пилла парвариши, уруғчилиги, унинг озуқа базасини мустаҳкамлаш борасидаги тажрибалар анча замонавийлашди. Мамлакатимизда ипак қурти парвариши учун қулай табиий шароит мавжуд. Тажрибали пиллакорлар ҳар бир ҳудудда талайгина. Айтмоқчи бўлганимиз, тармоқ ривожига халқимизнинг кўп йиллик мана шундай тажрибаси ҳам хизмат қилаётгани шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 майда “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармони қабул қилинди.
Бу ҳужжат билан соҳада инвестиция муҳити янада яхшиланиши кўзда тутилмоқда. Хомашё базасини кенгайтириш ҳамда ипак қурти уруғи ҳажмларини кескин кўпайтириш мақсади бор. Яна бир муҳим жиҳати, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали тармоқдаги бандлик икки бараварга оширилади.
– Ушбу ҳужжат билан 2026 йилга қадар нафақат ипакчилик саноати корхоналарига, балки пиллакорларимизга ҳам бир қатор имтиёзлар берилди, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Икром Сайфуллаев. – Хусусан, уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланувчи касаначиларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилган. Ипакчилик соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи камайтирилади. Соҳанинг ривожи уруғчиликка эътибор билан ҳам белгиланади. Шуни инобатга олган ҳолда республикада ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжни маҳаллийлаштириш даражасини 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун Фарғона ва Хоразм вилоятларида наслли уруғчилик станцияларини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Станцияларнинг ташкил этилиши тартиби, ишлаш механизми аниқ кўрсатилган. Натижада уруғ импорти қисқаришига эришилади.
Ҳужжат билан пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Унга кўра, пилла етиштириш ва ипакчилик соҳаси 2024-2027 йиллар давомида тизимли ривожлантирилади. Хусусан, тутзорлар ер майдони 160 минг гектарга, дала четларидаги якка қатор экилган тут дарахтлари сони 500 миллионга етказилади. Юқорида таъкидланганидек, ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжни маҳаллийлаштириш даражаси оширилиши кўзда тутилган. Республикада ишлаб чиқариладиган хом ипак сифати 5А классга ҳамда уни қайта ишлаш даражаси 75 фоизга етказилиши белгиланган.
Тегишли тартиб ўрнатилиб, унга кўра 2027 йилга қадар босқичма-босқич пиллачилик соҳасида аҳолининг мавсумий бандлиги икки миллион кишига етказилади. Ҳар чоракда ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, аёллар рўйхати шакллантирилади. Ушбу рўйхатга асосан масъул идора пиллачилик кластерлари билан биргаликда пиллани етиштириш агротехникаси ва пиллани қайта ишлаш кўникмаларига ўқитиш курсларини ташкил қилади. Ўқувларни муваффатиятли тамомлаганларга махсус сертификатлар тақдим этиб борилади.
Бозор тамойилларига ўтиш ҳар бир соҳанинг ривожига хизмат қилади. Шуни инобатга олган ҳолда фармонда пиллачиликни бозор тамойиллари асосида ривожлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ 2025 йил пилла етиштириш мавсумидан бошлаб пиллачилик соҳасини бозор тамойиллари асосида ривожлантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади.
Фармоннинг ижроси, ипакчиликда тўпланган тажриба ва замонавий ёндашувлар уйғунлашса натижа юксак бўлиши шубҳасиз.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири