Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига янги ваколат берилмоқда
10:56 / 2023-03-14

Маълумотларга кўра, дори воситаларининг тахминан 50 фоизи доривор ўсимликлардан тайёрланади. Юртимизда 750дан ортиқ доривор ўсимликлар мавжуд. Мамлакатимизда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ экспортбоп ва юқори қийматга эга ҳисобланган кавракдан назоратсиз, режасиз ва нотўғри фойдаланилаётгани туфайли бу доривор ўсимликнинг табиий тарқалган майдонлари қисқариб кетмоқда. Хусусан, юртимизда 2015 йилда 54 минг гектар ер майдонида каврак ўсган бўлса, ҳозирда бу майдон 13,5 минг гектарга қисқарган.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни шу масала билан боғлиқ.  

— Давлатимиз раҳбарининг «Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тожик кавраги ўсимлигининг табиий популяцияси, такрор кўпайиши ва қайта тикланишини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб уч йил муддатга тожик каврагидан фойдаланишга мораторий жорий этилди, — дейди депутат Равшан Бегматов. — Мазкур фармонда келтирилган талаблардан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда янада такомиллаштирилди. Мазкур ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига унинг доимий фойдаланишида бўлган яйлов ерларида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигидан махсус фойдаланиш ҳамда уни Ўзбекистондан олиб чиқиш учун рухсатнома бериш ваколати берилмоқда. 

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига унинг доимий эгалигида бўлган яйлов ерларда кавракни йиғиш (ғамлаш) ва четга олиб чиқиш учун рухсатнома бериш тартибини такомиллаштиришга хизмат қилади.    

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.    

Шунингдек, йиғилишда "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.    

 

М.Комилова,  

ЎзА