Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров бошчилигидаги делегация аъзолари ва «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмалари масъул ходимлари ўртасида амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳмонлар «Ўзбекипаксаноат» уюшмасидаги “Shovroom«ни кўздан кечиришди. Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида олиб борилаётган илмий ишланмалар, тут плантациясининг яратилиши, ипак қурти селекцияси, пиллачиликни механизациялаш, сунъий озуқа яратиш, ипак қурти генетикаси ҳамда ипакчилик соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, мулоқот давомида делегация аъзоларига ўзбек ипакчилигининг тарихи ва бугунги истиқболлари хусусида маълумот берилди. Жумладан, ўтган 4-5 йиллик давр мобайнида ушбу соҳага доир ўнлаб қарор ва фармонлар қабул қилингани, амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилаётгани қайд этилди.

Жаҳон бозори конъюнктурасининг тез фурсатлар билан ўзгариб бораётганлиги, истеъмолчиларнинг талаблари кучаяётганлиги, шунингдек, хорижий бозорларда ўзбек маҳсулотларига бўлган талабнинг ошаётганлиги пиллачилик соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги кунда 74 та пиллачилик кластери томонидан 7,5 минг тонна қуруқ пилла қайта ишланмоқда, – деди Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов. –2021 йилда 2 минг 378 тонна ёки 2020 йилнинг мос давридагига нисбатан 7 фоиз кўп хом ипак ишлаб чиқарилди. Шунингдек, пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан ипак маҳсулотлари турлари бўйича ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, ипак момиқини ишлаб чиқариш 2021 йилда 793 тонна, калаваланган ипак ипи тайёрлаш 9 154,7 минг погон метр, ипак гилам ишлаб чиқариш 342 дона, тайёр ипакли маҳсулотлар туркуми эса 935,7 минг донани ташкил этмоқда.
Республикамиз бўйича тутзорлар, тут хўжаликлари, пиллани қайта ишлаш корхоналари ва аҳоли хонадонларига жами 54 минг гектардан ортиқ ерга 400 мингга яқин тут кўчатлари экилиши кўзда тутилган. Жорий йилги пилла мавсумида эса 26 минг 572 тонна пилла етиштирилиши режалаштирилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА