Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик доирасида ипакчилик соҳасида тажриба алмашинуви ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича амалий қадамлар ташланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси вакилларидан иборат делегация Эрон Ислом Республикасида бўлиб турибди. Сафар давомида делегация аъзолари гилам саноати марказлари фаолияти, ишлаб чиқариш технологиялари ва кластер тизими билан танишди.

Шунингдек, Гилан вилояти Савдо-саноат, кончилик ва қишлоқ хўжалиги палатаси раиси Саман Назари билан учрашув ўтказилди. Унда йирик компаниялар иштирокида B2B ва B2G форматларида музокаралар бўлиб ўтди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Учрашувлар якунида Эрон Ипакчилик тадқиқотлар маркази билан илмий-амалий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Бундан ташқари, тажрибали эронлик технологларни Ўзбекистонга жалб этиш орқали ипакдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш белгиланди.
Имзоланган ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қайта ишлаш ҳажмини ошириш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА