Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ипакчилик соҳасида Хитойнинг йирик корхоналари билан ҳамкорлик қилинади
14:33 / 2023-12-27

Айни кунларда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси И.Эргашов бошчилигидаги ипакчилик кластерлари ва уруғчилик корхоналари раҳбарларидан ташкил топган делегация аъзолари Хитой давлатида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Хитой давлатига ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари Шандонг провинциясидаги “Shandong Guangtong Silkworm Pro" уруғчилик корхонасида бўлиб, уруғ ишлаб чиқариш, қадоқлаш шунингдек, тайёрланган уруғларни сақлаш жараёнлари билан танишди.  

Шу билан биргаликда, корхонада сунъий озуқа воситасида ипак қуртини парваришлаш, сунъий озуқани тайёрлаш ўрганилди.  

Маълумки, мазкур корхона Ўзбекистоннинг бир қатор пиллачилик кластерлари билан уруғ етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилади. Ташриф давомида мазкур ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, баҳорги пилла етиштириш мавсуми учун олинадиган ипак қурти уруғларининг келиб чиқиши, технологик кўрсаткичлари ҳам ўрганилди.  

Учрашув натижаларига кўра, “Shandong Guangtong Silkworm Pro" уруғчилик корхонаси билан янги муносабатларни йўлга қўйиш, Андижон вилоятида жойлашган хорижий корхона фаолиятини янада ривожлантириш шунингдек, ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, унга наслли "элита" ва "супер элита" уруғларини олиб бориш, уларни Ўзбекистон иқлимига мослаштириш учун уруғчилик корхоналари ва Ипакчилик илмий тадқиқот институти билан биргаликда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.  

Хитойга ташрифнинг иккинчи кунида делегация вакиллари Жиангсу провинциясидаги "Jiangsu Susi Silk Co LTD" корхонасида бўлди. Мазкур корхона билан танишиш жараёнида ишлаб чиқариш сикли тўлиқ ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг корхона вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистондаги ипакчилик кластерлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, хусусан ҳамкорликда қўшма хорижий корхона ташкил этиш масаласи муҳокама этилди. 

"Jiangsu Susi Silk Co LTD" ипак чиқиндилари ва ностандарт пиллаларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган занжирни ўз ичига олган корхона ҳисобланади.  

 

Гулноза Бобоева,

ЎзА