Маълумки, шу кунларда республикамиз бўйлаб агроном ва пиллачилик мутахассислари учун ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Хоразм вилоятида “Ипакчиликда замонавий технологияларни жорий қилиш, тайёр турдаги экспортбоп ипак маҳсулотларини ишлаб чиқариш” мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилояти пиллачилик кластерлари раҳбарлари иштирок этди.

Даставвал иштирокчилар Боғот туманида жойлашган намунавий қуртхона мажмуаси билан танишди. Мазкур қуртхонада йилига 5-6 мартагача пилла қуртини боқиш амалиётини жорий қилиш устида олиб борилаётган тажриба семинар иштирокчиларига тушунтириб ўтилди.
Шундан сўнг, Хива шаҳрида жойлашган “Khiva silk fabric” корхонасига борилиб, корхона фаолияти ўрганилди. Ишлаб чиқарилаётган ипак матолари шоуруми билан танишилди.

Шунингдек, семинарда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти Н.Юсупова ҳамда Ипакчилик ИТИ директори Ш.Абдулазизовлар ўз тақдимотлари билан чиқиш қилди.
Семинар иштирокчиларига “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Рашид Абдуллаев кўп томонлама қайта ишлаш ва ипакчилик саноатида мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича бир қанча кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА