Фармон ва ижро
Бухоро вилояти Ромитан туманида пиллачилик йўналишида бир неча йиллардан буён Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси истиқболли фаолият юритиб келмоқда. Мамлакатимизда ипакчилик тармоғини ривожлантириш бўйича тақдим қилинаётган имтиёзлар натижасида жамият ўз фаолиятини йил сайин кенгайтириб, эндиликда Хитой ва Вьетнам тажрибалари асосида “Янги уруғчилик комплекси” ва Тошкент давлат Аграр университетининг “Ипакчилик ва тутчилик” кафедраси филиали иш бошлайди.
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро воҳасида пиллачилик қадимий соҳалардан бири бўлиб, сўнгги йилларда вилоятда тизим тубдан янгиланди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 июндаги “Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларда кескин бурилиш ясади. Фармонга кўра, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда соҳага илмий ёндашув асосида инновацияларни кенг жорий қилиш ҳам назарда тутилган.
Шунга мувофиқ, сўнгги икки йил давомида юртимиз олимлари ҳамда Хитойнинг Шандон пилла уруғчилиги институти билан ҳамкорлик доирасида Бухорода лойиҳа қиймати 1,5 миллион АҚШ доллари бўлган янги комплекс фаолият бошлади. Эндиликда бу жойда Хитой ва Вьетнам давлатларидан олиб келинадиган ипак қуртининг бошланғич тухум қуймаларидан супер элита уруғлари маҳаллий шароитга мослаштирилган ҳолда кўпайтирилади.
– Вилоятда охирги йилларда 50 минг ипак қурти парваришланиб, мазкур ипак қуртларнинг аксарияти Хитой давлатидан келтириларди, – дейди жамият раҳбари Илёс Темиров. – Биринчи йили 25 минг қути, икки-уч йилда вилоятни тўлиқ ипак қурти уруғи билан, тўрт-беш йилда қўшни вилоятларга экспорт қиладиган даражада ипак қурти уруғи тайёрлашга эришиш мўлжал қилинган. Мазкур корхона экспорт мажбуриятини бажариш билан бир қаторда бу йилдан бошлаб ёшларни ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Уруғчиликда маҳаллий шароитга мос, аҳоли учун қулай, сердаромад навларни кўпайтириш, қолаверса, бандлик муаммоларини ҳал қилиш ҳамда қишлоқ аҳолиси манфаатдорлигини кўтаришни мақсад қилган мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши билан 55 та доимий ва 450 та мавсумий иш ўринлари ҳам яратилмоқда. Маълумотларга кўра, янги комплексда келаси йили 25 минг, 2027 йилда эса буни 100 минг қути тайёрланиши режа қилинган.
[gallery-25631]
Бухорода ипакчилик саноатини ривожлантириш юзасидан аниқ ва муайян чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу дастур доирасида келгусида шу жойда Хитойнинг Шандон пилла уруғчилиги институти олимлари билан яқин ҳамкорлик ҳам ўрнатилади. Тошкент давлат Аграр университетининг “Ипакчилик ва тутчилик” кафедраси филиали негизида ёш мутахассисларнинг илмий тадқиқотлар олиб бориши учун ҳам шароитлар яратилади.
Мухтасар айтганда, аграр тармоқнинг энг сердаромад соҳаларидан бири бўлган ипакчилик ривожи йўлида юртимизда бутун куч ва имкониятлар тўла ишга солинмоқда. Бу борадаги ташаббуслар эса тўпланган тажрибалар асосида ипак саноати тараққиёти йўлида муҳим қадам бўлиши аниқ.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.