Ўзбек ипак маҳсулотларини жаҳон бозорларига киритиш, бу борада ўзаро манфаатли савдо алоқаларини йўлга қўйиш борасида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси ва унинг таркибидаги “Ўзбекипаксаноат” ҳамда “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмалари томонидан халқаро талабларга жавоб берадиган, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни Европа бозорларига етказиб беришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Бош маслаҳатчиси Олимжон Жумаев Испаниянинг “ALIANZA DE COMERSIO EUROASIATICA” (ACE) компанияси Бош директори Эдуард Гулиан, Лойиҳалар департаменти эксперти Егор Джунаев билан учрашди.
Учрашувда ўзбек ипак матолари ва ипакдан ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотлар ҳамда қоракўл ва ундан ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотларни Испания бозорига олиб кириш, бу борада ўзаро манфаатли савдо алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, жорий йилда Испанияда ўтказилиши белгиланган халқаро кўргазмаларда иштирок этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА