Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ипак йўли”нинг илк битирувчилари диплом олди
11:44 / 2022-07-07

Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг бакалавр босқичини битирган 109 нафар илк битирувчиларга мутахассислик дипломлари тантанали равишда топширилди.

2018 йил 10 июнь куни Хитойнинг  Синдао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарларининг саммитида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур университетни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган ва бу ташаббус қўллаб-қувватланган эди. 

Шундан сўнг 2018 йил 28 июнда ва 2021 йил 30 октябрда давлатимиз раҳбарининг қарорлари қабул қилиниб, университет фаолияти йўлга қўйилди ва такомиллаштирилди. Университетнинг халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий кампуси яратилди, ўқув дастурлари жаҳон таълим стандартларига мослаштирилди. Бу ҳаракатлар натижасида бугунга келиб “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети нафақат юртимиз, балки дунёдаги салоҳиятли олий ўқув юртларидан бирига айланди.

Бугунги кунда университетда туризм соҳасида лойиҳалаш, меҳмонхона бизнеси, оммавий тадбирларни бошқариш, туризм соҳасида логистика, туризм (фаолият йўналишлари бўйича), маркетинг йўналишларида мутахассислар тайёрланмоқда. Уларга АҚШ, Австралия, Франция, Эрон, Германия, Буюк Британия, Россия, Хитой, Қозоғистон ва бошқа бир қатор давлатлардан келган тажрибали мутахассислар ҳамда халқаро тажрибага эга маҳаллий мутахассислар таълим бермоқда. Эътиборли томони шундаки, 2021-2022 ўқув йилидан университетда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар, хусусан, Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Эрон, Покистон каби давлатлардан келган талабалар таҳсил олмоқда.

[gallery-7861]

Илк битирувчиларга диплом топшириш муносабати билан ўтказилган тадбирда Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири, университет ректори А. Абдуҳакимов ва вилоят ҳокими Э. Турдимов иштирок этиб, мутахассислик дипломларини қўлга киритган битирувчиларни табриклаб, уларнинг мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшишини таъкидлади.

– Бугун ҳаётимдаги унутилмас кун – “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетининг илк битирувчиси сифатида мутахассислик дипломини олдим, – дейди университет битирувчиси Иноятулла Тўйчиев. – Бу бир томондан фахр бўлса, иккинчи томондан масъулиятдир. Илк битирувчи сифатида соҳага кирарканмиз унинг ривожига муносиб ҳисса қўшиб, университетда олган билимларимизни амалиётга татбиқ этамиз. Университетдаги таълим даври мен учун омадли бўлди. Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси соҳиби бўлдим. Бугун туризм соҳаси бўйича мутахассис деган дипломни олиб, меҳнат бозорига йўл олмоқдамиз.   Шунингдек, тадбирда туризм менежменти факультетининг 23 нафар магистр ва туризм йўналишида сиртқи таълим бўлимини иккинчи мутахассислик бўйича битирган 5 нафар ёшларга ҳам дипломлар топширилди.

Университет битирувчиларига Халқаро туризм ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бир қатор туризм соҳасида етарли тажрибага эга мамлакатларнинг соҳага масъул шахслари онлайн табрик йўллашди.

Тадбир университет талабалари томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, бахши ва фольклор жамоаларнинг концерт дастури билан якунланди.

Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА