Шу йил 30 ноябрь-2 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида «Ипак йўлида туризм-2022» Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтади.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотига кўра, тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги «Milliy PR-markazi» давлат унитар корхонаси томонидан “SAYS” компанияси билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Анжуманнинг бизнес дастури иштирокчилари учун мўлжалланган форум доирасида «Медиа лойиҳалар – мамлакатнинг туристик ташриф қоғози», «Мамлакат сайёҳлигини ривожлантиришда давлатнинг ўрни», «Гастрономия – мамлакатнинг алоҳида идентификатори сифатида», «Ўзбекистонда туризмнинг ривожланаётган турлари», «Туризмда халқаро рақобат ва брендинг», «Хизмат кўрсатиш соҳасидаги муваффақиятсизликнинг олдини олиш, ходимлар етишмаслиги муаммосини ҳал этиш йўллари» мавзуларидаги шўъба йиғилишлари ўтказилади.
Ушбу сессиялар нафақат Ўзбекистон, балки дунё миқёсида туризм соҳасига оид энг қизиқарли ва долзарб мавзулар билан интерактив тарзда танишиш, тегишли масалаларни муҳокама қилиш имконини беради.
ЎзА