Пойтахтимизда “Ипак йўли” II Ёшлар халқаро цирк санъати фестивали бўлиб ўтди.

Унда Қозоғистон, Тожикистон ва Россия ҳамда мамлакатимизнинг ёш цирк юлдузлари ўз маҳоратларини намойиш этди.
Фестиваль бошланишидан аввал Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов бошчилигида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия вакиллари ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, тажриба алмашилди ва келгусидаги лойиҳалар юзасидан режалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, ҳамкорликдаги меморандум имзоланди. Бу эса келажакда янги лойиҳалар ва қўшма тадбирларни амалга оширишга йўл очади.
Учрашувдан сўнг фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда цирк санъатини ривожлантириш маданий мероснинг ажралмас қисми ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шунингдек, бундай фестиваллар истеъдодли ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиши ва давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Фестиваль давомида томошабинларни ҳайратга солувчи трюклар, ёрқин чиқишлар ва қизиқарли дастурлар тақдим этилди. Ҳар бир чиқиш ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди.
Фестиваль якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА