Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами муносабати билан Андижон вилоятида қиймати 2,5 триллион сўмга тенг 46 та ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилиб, 5,5 мингта янги иш ўрни яратилди. Жумладан, вилоятда ташкил этилган “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасида умумий қиймати 56 миллион долларга тенг қатор йирик лойиҳалар ишга туширилди.
Эркин иқтисодий зонадаги янги лойиҳалардан бири «MPRINT PRO» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган «Flexo bosmaxona»сидир. Мазкур корхонада енгил ва автомобилсозлик саноати маҳсулотлари учун ёрлиқлар, гофра қутилар ҳамда махсус эластик материаллардан қадоқлаш қутилари ишлаб чиқарилади.
Хорижий инвесторлар томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилган, умумий қиймати 8 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида янги корхонанинг иш бошлаши ҳисобига 100 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади.
Ҳудудда ишга туширилган йирик лойиҳалардан яна бири қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи замонавий корхонадир.
Андижон туманидаги “Андижон яшил энергия” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона томонидан умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида 1,5 гектар майдонда барпо этилган ушбу корхонада йилига 180 минг дона 100 МВт қувватга эга қуёш панеллари ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхона Хитой давлатидан олиб келинган халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий, юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган.
Корхонада ишлаб чиқариладиган 1 миллион долларлик маҳсулот Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиниши режалаштирилган.
Энг муҳими, мамлакатимизда “яшил энергия” соҳасини ривожланти-ришга хизмат қиладиган ушбу корхонанинг ишга тушиши билан 100 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонасида алюмин батарея ва алюмин маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “NAWAS” масъулияти чекланган жамияти ҳам иш бошлади.
Байрам муносабати билан ҳудудда иш бошлаган корхоналардан яна бири сендвич панеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Bertus group» масъулияти чекланган жамиятидир.
Мазкур корхонада хорижий технологиялар асосида маҳсулот тайёрланади. Ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган сендвич панеллар вилоятда олиб борилаётган қурилишларни узлуксиз равишда маҳсулот билан таъминлашга, шу билан бирга, ички бозорни маҳаллий, рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга хизмат қилади. Ушбу корхона ишга тушиши билан 100 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
[gallery-25144]
Эркин иқтисодий зонада иш бошлаган "LONGPING-BEREKE" масъулияти чекланган жамияти томонидан гибрид уруғлар тайёрланади. Ушбу корхона ишга тушиши билан 200 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ишга туширилган юқоридаги янги лойиҳалар аҳолининг бандлигини таъминлашга, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига, провардида халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари