Жиззахдаги замонавий “BYD Uzbekistan Factory” қўшма корхонаси ҳудудида ўтказилган “Ипак йўлининг маданий-иқтисодий форуми” бугунги кун дунёсида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу нуфузли тадбир Хитойнинг “Shaanxi Broadcasting Corporation” медиагуруҳи ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ипак йўли бўйлаб минг ли – 2025” трансмиллий медиалойиҳаси доирасида ўтказилди.
Форум — шунчаки дипломатик учрашув эмас. У тарих ва келажак, анъана ва инновация, минтақавий ҳамкорлик ва глобал медиа майдонидаги янги қарашлар кесишган нуқтада туғилган муҳим мулоқот майдонидир. Иштирокчилар қутлов нутқларини тинглаш, “Йўлномалар” муҳрлаш маросимида қатнашиш ва “Ипак йўли совғалари” алмашинувида иштирок этиш билан бирга, санъат орқали миллатлар қалбини боғлаган чиқишларга ҳам гувоҳ бўлишди.
Хусусан, Хитойдан келган раққосалар жамоасининг миллий рақслари форум муҳитига нафақат бадиий, балки руҳий завқ ҳам улашди. Тадбир давомида Хитой электромобиль ишлаб чиқарувчиларининг халқаро бозорга чиқиш стратегияси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди — бу эса Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги технология соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга чиққанига ишорадир.
[gallery-24784]
“Ипак йўли бўйлаб минг ли” медиалойиҳаси 2014 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. У Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатларни ахборот ва маданият орқали янада яқинлаштиришни мақсад қилган. Журналистлар 10 йил мобайнида 53 мамлакат, 200 дан ортиқ шаҳарни босиб ўтиб, бир миллион километрга яқин йўлни забт этдилар. Лойиҳа чегара ортидан репортаж тайёрлаш ва ахборот тарқатиш кўлами бўйича жаҳон медиа майдонида бир неча бор рекордлар ўрнатди.
2025 йилда ушбу медиа сайёҳат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар орқали амалга оширилмоқда. 16 июл куни Сиань шаҳридан бошланган автоэкспедиция Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон орқали ўтмоқда. Бу йўл — нафақат тарихий из, балки маданий мулоқот, иқтисодий яқинлашув ва тинчликка хизмат қилувчи стратегик йўл ҳамдир.
Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари бугун нафақат расмий келишувлар, балки бевосита халқлар ўртасидаги дўстона мулоқот, технология ва маданият соҳаларидаги кенг кўламли ҳамкорлик билан ҳам мустаҳкамланмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари