Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ипак қурти боқиш учун озуқа муаммоси тўлиқ ҳал этилади
15:15 / 2020-10-19

Мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида пиллачилик алоҳида ўрин эгаллайди.


Мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишида пиллачилик алоҳида ўрин эгаллайди. 

Қолаверса, муҳим табиий саноат хом ашёси бўлган пиллага талаб ва эҳтиёж жаҳон миқиёсида йилдан-йилга ортиб бормоқда. 

Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 12 январдаги “Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжатларда пилла етиштириш ва тайёрлаш ҳажмини босқичма-босқич кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш, ипак қуртининг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган жуда катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш белгиланган. Бу борада зарур ишлар олиб борилмоқда.

Пиллачиликнинг ривожи кўп жиҳатдан ипак қурти озуқасига боғлиқ. Шу боис ҳам юқоридаги ҳужжатларда янги тутзорлар барпо этиш, якка тут қаторларини кўпайтириш ва мавжуд тутзорларни модернизация қилиш, юқори ҳосил берадиган, озуқа қиймати юқори ва совуққа чидамли тут кўчатларини яратиш орқали пиллачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.

Бу борада Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги “Ипак” фермер хўжалигида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хўжалик 1999 йилда ташкил этилган, 2009 йилдан тут уруғчилиги ва кўчатчилигига ихтисослаштирилган. 2012 йилдан бошлаб эса Ипакчилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда янги тут навларини яратиш бўйича илмий, амалий тажрибалар ўтказиб келимоқда.

2012 йилда хўжаликда илмий асосда мавжуд тут навларидан “танлаш ва чатиштириш” йўли билан “Марҳамат – 2017” янги тут нави яратилди. Ҳозирги кунда сертификатлаштирилган, патент олиш учун ҳужжатлар топширилган.

– “Марҳамат – 2017” деб номланган ушбу янги нав кўп йиллик илмий ва амалий ишлар самарасидир, – дейди “Ипак” фермер хўжалиги раҳбари Абдупатто Мусурмонқулов. – Ушбу нав барглари жуда кўп афзалликларга эга. Энг аввало, маҳаллий шароитга мос, товланиб туради, ҳажми оддий тут баргидан бир неча баробар катта, серҳосил, тўйимли, юмшоқ, гўштдор ва оқсилга бой бўлиб, мавжуд навларга нисбатан янги схема асосида экилса ўн баробар кўп ҳосил беради.

Мазкур навнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ундан йилига уч марта барг ҳосили олиш мумкин. Ҳар уччала ҳосилда ҳам барг таркибида ипак қуртини озиқлантириш учун етарли миқдорда оқсил ва бошқа зарур моддаларга эга бўлади.

Хўжаликда олиб борилаётган тадқиқот ишлари асосида таққослайдиган бўлсак, айни пайтда юртимиздаги аксарият тут плантацияларида “САНИИШ-14”, “САНИИШ-12”, “Топкросс”, “Пионер” сингари тут нави кўчатлари 8х1 метр, 8х2 метр модуль асосида экилган. Бу каби плантациянинг 1 гектаридан 4,2 тонна озуқа, яъни барг олинади. Ана шу озуқа билан 5 қути ипак қуртини парвариш қилиш мумкин.

“Марҳамат – 2017” нави эса 1,4х0,5 метр, 1,8х0,4 метр схема асосида экилади. Кўчат қатор оралари яқин бўлса ҳам тутнинг энг қуйи қисмидан то юқори қисмигача бир хилда ҳосил беради. Ушбу схемада экилган тут кўчати плантациясининг 1 гектаридан 50 тонна барг ҳосили олиш ва 55 қути ипак қурти боқиш имконини беради. Бундан кўринадики, ушбу янги нав интенсив схема асосида экилса, оддий навларга нисбатан ҳосилдорлиги қарийб 11 барабар юқори бўлади.

Янги тут нави нафақат тўйимли, таркибидаги озуқа моддалари ҳам юқори. Таҳлил ва ўрганишлар орқали оддий тут баргида боқилган ипак қурти пилласида ипак тола кўрсаткичида айрим тугунчалар бўлиши, тола кучсиз бўлгани боис сифат кўрсаткичи ҳам пастроқ бўлади. “Марҳамат – 2017” тут навида боқилган ипак қуртидан ўта сифатли тола олинади.

– “Марҳамат –2017” тут нави бир йилда уч-тўрт марта ипак қурти боқиш имконини беради. – дейди Ипакчилик илмий-тадқиқот институти илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, катта илмий ходим Сайфиддин Валиев. – Серҳосил, новданинг бошидан охиригача бир хилда ҳосил беради. Бундан ташқари, барглари йирик, узоқ вақт давомида сўлимай туради. Бу пиллакорларни бир кунда икки марта тут кесиш, буташ ишларидан халос этади.

Айни кунда хўжалик тасарруфидаги 28,4 гектар майдонда янги нав уруғини олиш, қаламча олинадиган тутзорларни парваришлаш ва қишга тайёрлаш, интенсив усулда кўчат етиштириш ишлари олиб борилмоқда. “Марҳамат – 2017” тут нави пайвандлаш, пархиш қилиш ва қаламча йўли билан кўпайтирилади. “Марҳамат – 2017” тут нави пайванд қилинганда ана шу йилнинг ўзида ҳосил беради, ипак қурти боқишнинг иккинчи мавсумида янги баргларидан озуқа сифатида фойдаланиш мумкин.

Кўчатлар 1,4х0,5 схемада экилганда бир гектар майдонга 14 минг 430 туп, 1,8х0,4 схемада экилганда 13 минг 400 туп ниҳол экилади.

“Марҳамат – 2017” тут навидан олинган қаламчаларни сақлаш учун хўжаликда махсус совутгич қурилган. Феврал ойида олинган қаламчалар совутгичда сақланиб, эрта баҳордан пайванд учун мамлакатимиз вилоятларидаги касаначилар, тутчилик хўжаликлари ва фермерларга етказиб берилади.

“Ўзбекипаксаноати” уюшмаси ташаббуси билан 2019 йилда Республикамизнинг барча вилоятларида 1 гектардан ер ажратилиб, янги тут нави кўчатини кўпайтириш ишлари йўлга қўйилди. Хўжалик мутахассислари бир қатор вилоятларда кўчат кўпайтириш ишларига яқиндан ёрдам бермоқда. Коронавирус пандемияси туфайли жорий йилда мазкур йўналишдаги ишларни белгиланган режа асосида олиб бориш имконини бермаган бўлса-да, онлайн тарзда жойлардаги мутахассисларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бериб борилмоқда.

2017 йилда хўжаликда бўлган Хитой давлат Пиллачилик академияси академиги ва мутахассислари ушбу навга, хўжаликда олиб борилаётган селлекция ишларига юқори баҳо беришган.

– Маълумки, “Ўзбекипаксаноати” уюшмаси томонидан мамлакатимизнинг пиллачилик мутахассислари ҳар йили Хитой давлатига малака ошириш учун юборилади, – дейди “Ипак” фермер хўжалиги раҳбари Абдупатто Мусурмонқулов. – Юртимиздан борган мутахассислар академиядаги таҳсил даврида хитойлик олимлардан “Серҳосил, касалликларга чидамли тут навиларидан беришларини сўраганларида, хитойлик академик: 

“Сизнинг талабингизга тўла жавоб берадиган, иқлимлашган тут нави Андижон вилоятидаги “Ипак” фермер хўжалигида етиштирилаётган тут навидир, деб хитойлик мутахассислар ташрифи пайтида олган видеотасвирларни кўрсатган. Ана шу тут навини кенг тарқатишни тавсия қилиб, ушбу нав юқори натижалар беришини таъкидлаган экан.

Менимча, пиллачиликда кўп асрлик тарихга эга, дунёда энг кўп кумуш тола етиштирадиган Хитой давлати мутахассисларини ҳайратга солган Марҳаматнинг тоза ҳавоси, унумдор ерларида яратилган ушбу нав мамлакатимизда ипак қурти боқиш учун озуқа муаммосини тўла ҳал этади. Фақат бу борадаги ишларни изчил ва тизимли олиб бориш учун барча даражадаги мутасадди раҳбарлар ўз ёрдамини аямаслиги керак.

Айни пайтда хўжаликда ушбу янги нав уруғини олиш, кўчатларини кўпайтириш билан бирга, мутахассис ва олимлар билан ҳамкорликда бошқа янги навлар яратиш бўйича ҳам илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Хўжаликда тут мевасидан уруғини ажратадиган янги ускуна яратилди. Ушбу ускунанинг иш унуми ўта юқори, мевадан уруғни сифатли ва тоза ажратади. Айни пайтда бу каби ускуна, умуман, тут уруғини олиш бўйича шаклланган технология бошқа давлатларда мавжудлиги ҳақида маълумотлар йўқ.

“Марҳамат – 2017” тут нави кўчати нафақат ипак қурти боқишда озуқа муаммосини ҳал этади, балки ушбу кўчатни кўпайтириш, хорижга экспорт қилиш орқли яхшигина даромад олиш ҳам мумин. Масалан, Қозоғистон Республикасидаги ТОО “АСВС ОЙЛ” компанияси ушбу нав тут кўчатини сотиб олиш таклифини билдирган. 

Жорий йил бошида “Ипак” фермер хўжалиги ушбу компания билан беш йил давомида кўчат етказиб бериш бўйича умумий қиймати 2 миллион 430 минг доллар миқдорда шартнома имзолаган. Айни пайтда экспорт қилиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Тут кўчати ва барги экспортини йўлга қўйиш орқали туман, вилоят иқтисодиётига валюта тушумини янада кўпайтириш мумкин бўлади.

2.jpg

4.jpg

5.jpg

6.jpg