Иордания пойтахти Амман шаҳри марказида “Бухорий бозори” бор. Бу маскан нима сабабдан шундай аталади? Айтишларича, бозорга Бухородан Иордания ҳудудига бориб яшаган савдогар аждодларимиз асос солган экан.
Аммандаги мазкур илк савдо нуқтасида анъанавий қўл меҳнати намуналари, турли маҳаллий маҳсулотлар харидорларга таклиф этилади.
Бухорий бозори вужудга келиши тарихи Камолиддин Ал-Бухорий номи билан боғлиқ. У 1934 йил очган бозор 1942 йил ҳозирги жойига кўчирилган.

Камолиддиннинг тўртинчи авлоди вакили Умар Муҳаммад Абду “Al-jazeera”га бобоси ўтган аср 30-йиллари бошида Ўзбекистондан Ҳаж қилиш мақсадида келгани, ўша давр зиёратчилари одатига кўра, Қуддусга ташриф буюриб, сўнг Амманда жойлашгани ва анъанавий ҳунармандликка ихтисослашган савдо расталари барпо этгани ҳақида сўзлаб берди. У ҳозир тасбеҳ саноатида ишлайди.
Умар таъкидлашича, анъанавий маркетинг усули улкан бозор таъсирида инқирозга учрашнинг олдини олади. Катта бобоси ташкил этган бозорда дастлаб ханжар, қимматбаҳо тошлар, тасбеҳ, турли хил мис буюмлар сотилган. Кейинчалик анъанавий кийимлар, антиқа тошлар, мерос қутилари, қадимий бадавий мусиқа асбоблари, сартарошлик ва бошқа ҳунармандлик буюмлари савдоси ҳисобига кенгайган.

Камолиддин Ал-Бухорийнинг яна бир невараси Маҳмуд Абу Раъд нашрга болалигидан бобосига ҳамроҳ бўлгани, бугун ҳам шу касбни давом эттираётгани, бу мерос қадрият учинчи ва тўртинчи авлодга ҳам ўтганидан фахрланишини билдирди.
Маҳмуд дўкони келажаги ҳақида қайғуриб, сақлаб қолиш учун ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
– Бухорий бозори ҳозирги савдо марказларига ўхшаш мамлакатимиздаги биринчи савдо маскани эди, – дейди Иорданиядаги Бухорий хайрия жамияти раиси, адвокат, ҳуқуқий маслаҳатчи Саъд Ал-Бухорий. – Аввалига бир гуруҳ бухоролик ва Марказий Осиёдан келиб жойлашган бошқа савдогарлар товар алмашиш тамойили асосида ишлаган. Масалан, чўпон келиб қайчи ёки шунга ўхшаш буюмлар ўрнига ёғ, мураббо олиб кетган. Деҳқон эса ясмиқ ва дон эвазига бирор ашёни ўзиники қилган. Кўпчлик мижозлар зарур чакана маҳсулот излаган.
Камолиддин Иорданияга келган хорижий савдогарлар билан жамоавий ҳамкорлик асосида савдо тамойилини яратган. Ҳар бир янги савдогарга иш бошлаши учун дўкон ажратган. Натижада Бухорий бозори савдоси ва ҳунармандлиги ранг-баранглиги таъминланган. Сурия, Фаластин ва Мисрдан кириб келган жиҳозлар билан импорт шакллана бошлаган. Кейинчалик унинг ўғли Муҳаммад маҳсулот турларини кўпайтириш мақсадида Тайпей, Гонконг ва Кореяга саёҳат уюштира бошлаган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Иорданиядаги савдо-сотиқ Туркистондаги бозорлар билан бир хил тамойил асосида ривожланиб, тақво, ҳалоллик ва маҳсулот хусусиятини тўлиқ билиш асосига қурилган. Шу боис бу бозор араб ва бошқа хорижий мамлакатларда тижорий обрў қозонган, Иордания савдогарлари учун ишонч манзилига айланган.

Нашр суҳбатдоши айни пайт бозор фаолияти усулларини такомиллаштириш, маҳсулотни намойиш қилиш ва сотиш тизимини яратиш учун веб-сайт очилаётганини қўшимча қилди.
Чорак асрдан бери Бухорий бозорида савдогарлик қилаётган Зоид Ал-Масрий Амманнинг қадимий маркази ва бозорлари яшовчанлиги шаҳар цивилизацияси, тарихи билан боғлиқлигига эътибор қаратди. Унинг қўшимча қилишича, бу жойдаги нарх замонавий бозорларга нисбатан ҳамёнбоплиги кўпчиликни шаҳар марказидан харид қилишга ундамоқда.
Қувонарлиси, ватандошларимиз ўзбек тили ва маданияти, миллий урф-одат ва қадриятларимиз билан уйғун яшаётганликларини эътироф этадилар. Тарихий Ватанга тегишли сўнгги янгиликлар, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан мунтазам хабардор бўлиб туришларини таъкидлайдилар.
Афсуски, Зоид яна бир ҳолатни тан олиб, бироз қайғурди: фарзандлари анъанавий эски бозорларга боришни хоҳлашмас экан. Бухорий бозоридаги ёши улуғ савдогарлар ота-боболаридан мерос касб-ҳунарни эъзозлаб келаётганликларидан фахрланишади. Ёш авлод вакиллари аждодлар ишини давом эттирмаётгани эса харидорлар йўқолишига олиб келишидан хавотирда.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА