English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иордания ва Ўзбекистон савдо имтиёзи тўғрисидаги битимни имзолашга келишиб олди
20:42 / 2025-09-18

Иордания ахборот агентлиги “Petra” ва “Royanews”, “Alghad” каби мамлакатнинг бошқа қатор етакчи нашрлари ушбу давлат саноат, савдо ва таъминот вазири Ёруб Қудаҳ ва мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси ўртасида кечган учрашувни кенг ёритди.

Томонлар иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, мавжуд алоқалардан имкон даражасида фойдаланиш учун мақсадли йўналишлар бўйича иш режасини муҳокама қилган. Хусусан, ўзаро савдо имтиёзи тўғрисидаги битимни имзолаш учун зарур тартиб-қоида ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштиришга келишилган. Шунингдек, қўшма қўмита биринчи йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш, кейинги саъй-ҳаракатлар учун туташ нуқталарни аниқлаш зарурлиги таъкидланган.

Қудаҳ қайд этишича, Иордания Подшоҳи Абдуллоҳ II бошчилигидаги делегация ўтган ой Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатни ривожлантиришда муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Эндиликда ҳар икки томон иқтисодий ва савдо ҳамкорликни ривожлантиришга қатъий интилмоқда. Энг муҳими, кийим-кечак, ўғит, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари, заргарлик буюмлари каби соҳаларда ҳали ўзаро фойдаланилмаган салмоқли салоҳият мавжуд. Бу имкониятлар юзага чиқиши учун биргаликдаги изчил саъй-ҳаракат талаб қилинади.

Иордания ва Ўзбекистон ўртасида савдо имтиёзи тўғрисидаги битимни имзолаш бўйича техник жараённи тезлаштириш муҳим. Йил охирига қадар ўтказилиши режалаштирилган Қўшма қўмита биринчи сессиясида айни мавзудаги музокара якунланади ва келишув имзоланади.

Учрашув доирасида бизнес-форум бўлиб ўтади. Ўрта ер денгизи минтақасида жойлашганИорданиянинг Ироқ, Сурия сингари йирик бозорларга кириш эшиги сифатидаги роли билан боғлиқ афзаллиги муҳокама қилинади. Зеро, икки ва кўп томонлама, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа минтақалар билан имзоланган эркин савдо шартномалари, шунингдек кўҳна қитъа бозорига экспорт қилиш тартибини соддалаштириш орқали Иордания маҳсулотларини бир неча бозорга экспорт қилиш имконияти мавжуд. Бундай келишувлар Ўзбекистон компаниялари томонидан сармоя киритилишини рағбатлантиради.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломов икки давлат ташқи ишлар вазирликлари томонидан олий даражадаги сиёсий иродани акс эттирувчи “Йўл харитаси” тайёрланганини маълум қилди. Иорданияга ташриф иқтисодий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилгани, республикамиз турли соҳаларда шерикликни ривожлантиришга жиддий интилаётганини таъкидлади. Товарларимиз минтақавий бозорларга чиқиш мақсадида Иорданияда ўзбек маҳсулотлари сақланадиган омборлар ташкил этиш орқали ноанъанавий логистика тизимини яратиш учун давлат кўмаги зарурлигини билдирди.

Шунингдек, минтақа билан савдо айирбошлашни осонлаштириш учун асосий марказ сифатида Ақаба порти билан ҳамкорлик қилиш йўллари муҳокама қилинди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА