Истанбулда бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг саккизинчи саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Инжиниринг ва технология марказлари”ни ташкил этиш ташаббусини билдирди.
Бу ташаббус жаҳон иқтисодиётини ривожлантириш ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида анъанавий ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, рақобатбардош юқори технологияли саноат секторини, жумладан, кичик ва саноат корхоналарини яратиш зарурати билан асосланади.

Ривожланган мамлакатларда инжиниринг хизматлари бозори шаклланган ва мустақил саноат сифатида фаолият юритади. Маълумотларга кўра, AҚШда турли йўналиш ва соҳадаги 25 мингдан ортиқ шундай ташкилот мавжуд бўлиб, саноат инжиниринги бозорининг айланмаси 47 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 1 фоизини ташкил қилади. Умуман олганда, глобал инжиниринг хизматлари бозори мутахассислар томонидан йилига 750 миллиард долларгача баҳоланмоқда.
Бугунги кунда инжиниринг хизматларининг асосий экспортчилари Европанинг ривожланган мамлакатлари, AҚШ, Япония, Корея ва Хитой бўлиб қолмоқда. Ушбу марказларни яратиш қуйидагиларни ривожлантиришга ҳисса қўшади:
- технологиялар, асбоб-ускуналар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва саноатда жорий этишга тайёрлаш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш;
- йирик саноат мижозларини кўпроқ инновацияларни жорий этишга рағбатлантириш;
- янги билимларни ишлаб чиқиш учун ягона илмий-ишлаб чиқариш платформасини шакллантириш;
- юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш;
- бизнес ва илмий-техникавий салоҳиятни уйғунлаштириш, илмий тадқиқот ва ишланмалар харажатларини камайтириш.
Демак, Президентимиз ташаббуси иқтисодиётларни инновацион ривожланиш йўлига ўтказиш учун унинг барча элементларининг ўзаро мувофиқлаштирилган ривожланишини таъминлайдиган минтақавий инновацион тизимни яратади.
Азамат Тоҳиров,
Марказий Осиё халқаро институти
етакчи илмий ходими