English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция – тараққиёт омили
12:36 / 2014-12-09

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш ва уларни модернизациялашда муҳим омил бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 18 ноябрдаги “Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш ва уларни модернизациялашда муҳим омил бўлаётир.

Мазкур ҳужжатга кўра, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида тижорат банкларининг маблағларини кенг жалб этиш белгиланган.

Мустаҳкам ва барқарор банк тизими мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшаётир. Молия институтларининг капиталлашув даражаси ошиб, иқтисодиёт реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, техник ва технологик янгилаш жараёнлари фаоллашмоқда.

Аслида банкрот корхоналарни тиклаш ва молиявий соғломлаштириш ишларига банкларни жалб этиш жаҳон молиявий фаолиятида ва банк амалиётида янгиликдир. Бугунги кунда мазкур янгилик иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни модернизация қилиш ва барқарор ишлаб чиқариш фаолиятини таъминлаш, уларни янги инвесторларга сотишга қаратилган инқирозга қарши бошқариш услубларини қўллашда яхши самара бермоқда.

“Асака” давлат-акциядорлик тижорат банки мавжуд маблағларини иқтисодиётнинг реал секторини имтиёзли кредитлашга йўналтирмоқда. Бунда банкрот корхоналарда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, уларни техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишларини такомиллаштириш, шунингдек, лойиҳавий инвестициялаш ҳамда инвестицион кредитлар беришнинг комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилгани қўл келмоқда. Натижада «Асака Инвестмент» инвестицион компанияси ташкил этилди.

– Банк балансига 47 банкрот корхона қабул қилиниб, улардан ўн бештаси негизида 13 шўъба корхона ташкил қилинди, – дейди компания раҳбари Мавлон Қосимов. – Ҳозирги кунда 45 корхона янги инвесторларга сотилди. Янги ишлаб чиқариш ташкил этилган банкрот корхоналарда мулкларни инвентаризация қилиш, ускуналарни техник кўрикдан ўтказиш, созлаш ва бутлаш, зарурий муҳандислик тармоқларини тиклаш ишлари амалга оширилди. “Қоракўл Асака текстиль” жамияти (собиқ “Қоракўлтекс” ҚК), “Асака Коттон Импекс” (собиқ “Ўзмедкоттон” ҚК), “Қўқон Асака текстиль” (собиқ “Улуғбек” АЖ), “Осиё Асака Модел” (собиқ “Делта Инвест” ҚК), “Нафис Либос” жамияти (собиқ “Лола Модел” ҚК), “Боғот текстиль” ва “Яккабоғтекс” қўшма корхонлари шулар сирасидандир. 

Ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш натижасида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш имконияти туғилди. Амалга оширилган юмушлар боис мазкур корхоналарда 24 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, саккиз юздан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Умуман, 2010-2014 йилларда фаолияти тикланган корхоналарда 376,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми 50,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

– Корхона икки йил илгари молиявий қуввати сусайгани боис ўз фаолиятини тўхтатган эди, – дейди “Боғот” мулкий мажмуаси директори Рустам Юсупов. – Ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш мақсадида банк томонидан малакали бошқарувчилар тайинланди, муҳандислик тармоқлари ва ускуналарни созлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди. Қисқа муддатларда ишлаб чиқариш фаолияти тикланди ва режалаштирилган ишлаб чиқариш қувватларига эришилди. Жорий йилнинг ўтган ўн ойида бу ерда 1,8 минг тоннадан кўп калава ип ишлаб чиқарилди. 200 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

Транспорт хизматлари кўрсатиш соҳасида “Фарғона Олтин Водий Навкари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. Мазкур корхонага “ISUZU” автобусларини харид қилиш учун банкдан қўшимча инвестициялар киритилди. Корхона ишга тушгандан сўнг, устав фондидаги банк улуши янги инвесторга сотилди. Банк балансига қабул қилинган яна бир корхона собиқ “Тошлоқ АТП” мулкий мажмуаси негизида “Тошлоқ Фар” фирмаси билан ҳамкорликда “Автотошлоқтехнотранс” ташкил этилиб, “ISUZU” автобуслари харид қилиш учун 300 миллион сўм инвестиция киритилди.

– Банк инвестицияси ҳисобига “ISUZU” автобуслари харид қилдик, – дейди “Автотошлоқтехнотранс” масъулияти чекланган жамияти директори Тоир Маткаримов. – Мавжуд корхонанинг қувватлари бир неча баробар оширилди. Автобуслар бир неча йўналишларда аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда йўловчи ташиш хизматлари 1,3 миллиард сўмликдан ошди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 ноябрдаги “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, ўтган йили замонавий калава ип ишлаб чиқарувчи ускуналар келтириш ва ип йигирув комплексини капитал таъмирлаш орқали “Ҳазорасп текстиль” масъулияти чекланган жамиятини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш бошланди. Натижада корхона йилига 5 минг тонна рақобатбардош калава ип ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Корхонадаги мавжуд қувватлар йилига 6,9 минг тонна калава ип ишлаб чиқара олади. Бу 250 янги иш ўрни демакдир.

Банкрот корхоналар фаолиятини тиклаш ишларининг яна бир муҳим жиҳати, бу тижорат банкларига “нол” қийматида инвестиция киритиш мажбурияти билан сотилган корхоналарни модернизация қилиш, технологик қайта жиҳозлашдир. Мисол учун 2010 йилда собиқ “Улуғбек” акциядорлик жамиятида модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишлари бошланди. Банкрот корхона мулкий мажмуаси негизида “Қўқон Асака текстиль” жамияти ташкил этилди. Корхонага 6,4 миллиард сўм инвестиция ва 1,3 миллиард сўм миқдорида тикув ускуналари киритилди.

– “Асака” банкининг молиявий кўмагида корхонада ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 миллиард сўмдан ортди, – дейди “Қўқон Асака текстиль” масъулияти чекланган жамияти директори Шариф Турсунов. – Ҳозир замонавий пайпоқларнинг янги турларини ҳамда экспорт йўналишини ўзлаштирмоқдамиз. Ҳар йили 10,2 миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқармоқдамиз. Ишчилар сони 120 нафарга етди.

“Асака” банки амалга ошираётган йирик лойиҳалардан яна бири бу собиқ “Унихо” қўшма корхонаси ва “Ҳазорасп ип-йигирув фабрикаси” негизида ташкил этилган “Ҳазорасп текстиль” масъулияти чекланган жамиятидир. Корхона фаолияти тикланиши натижасида 15,7 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Экспорт ҳажми 6,7 миллион долларни ташкил этди. “Ш.Зарипов” мулкий мажмуаси негизида ташкил этилган “Урганч Парранда Инвест” масъулияти чекланган жамияти ҳам йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади. 2010-2013 йилларда корхонада ўн битта парранда боқиш цехи қурилиб, замонавий парранда боқиш ускуналари, музлатгичлар, ем тайёрлаш ускуналари ўрнатилди. Мазкур мақсадлар учун 8,5 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритилди.

– Киритилган инвестициялар корхонага янги имконият берди, – дейди “Урганч Парранда Инвест” масъулияти чекланган жамияти директори Янгибой Рўзметов. – Инвестициялар корхонанинг самарали фаолият юритишига мустаҳкам асос бўлмоқда. Улар кўмагида 110 иш ўрни яратилиб, 2,5 миллиард сўмлик парранда гўшти тайёрланди. Биз Устюрт газ-кимё мажмуаси ходимлари учун парранда гўшти етказиб берувчи асосий ҳамкор ҳисобланамиз. Ҳозир маҳсулот бозорини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш борасида изланишлар олиб бораётирмиз.

Юртимизда амалга оширилаётган изчил иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ривожлантиришга қаратилган кенг миқёсли ишлар ўз натижасини бераётир. Тижорат банклари паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш жараёнига жалб этилаётгани самарасида эришилаётган ютуқлар бунинг ёрқин далилидир.