Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестициявий лойиҳалар доирасида 13,1 миллион доллар ўзлаштирилди
11:27 / 2021-11-19

Бугунги кунда мамлакатимизда узумчилик ва виночилик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги йилларда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар тармоқни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Маълумотларга кўра, республика бўйича фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 40 минг гектар янги токзорлар барпо этилди. Шу жумладан 18,1 минг гектар хўраки, 14,9 минг гектар кишмишбоп, 6,9 минг гектар саноатбоп навли янги токзорлар барпо этилди ҳамда 1,3 минг гектар иқтисодий самарасиз токзорлар қайта тикланди. Шундан сув таъминоти оғир ва лалми майдонларда 5,9 минг гектарда томчилатиб суғориш жорий қилиниб, 372 дона артезиан қудуғи ўрнатилди.

Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун 2019-2021 йиллар давомида 158 нафар ташаббускорга Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 68,6 миллиард сўм субсидия маблағи ажратилган. Жумладан, субсидия маблағларидан 193 дона артезиан қудуғи учун 23,1 миллиард сўм, 5,4 минг гектар майдонда жорий қилинган томчилатиб суғориш тизимига сув чиқариш учун 44,6 миллиард сўм ҳамда 120 минг гектар янги токзорларни шпалерга кўтариш учун 986 миллион сўм маблағ ажратилди.

Узумчилик ва виночилик ҳақида сўз борганда, узумни етиштиришдан тортиб уни саноатда қайта ишлашгача бўлган жараёнлар, ушбу йўналишдаги корхоналар фаолияти алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш жоиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи алоҳида давлат бошқарув органи мақомига эга ташкилот сифатида фаолият олиб бормоқда.

Ушбу соҳадаги барча корхона ва ташкилотлар ягона тармоққа бирлаштирилди. Бунинг натижасида маҳсулотнинг хомашёдан тортиб харидоргача бўлган барча жараёнларини доимий назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.

— Ҳозирги кунда соҳада 218 та, шундан 55 та алкоголь, 4 та спирт, 16 та узумни қайта ишлаш, 2 та тамаки, 21 та пиво ишлаб чиқариш ҳамда 120 та улгуржи савдо корхонаси фаолият юритмоқда, — дейди Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги матбуот котиби Д.Сиддиқова. — Ушбу корхоналарда ҳозирги кунда 12 мингдан ортиқ ишчи-ходим ишлаб келмоқда. Соҳада ўзбек миллий бренди яратиш бўйича 110 та товар белгилари ва маҳсулот миллий номлари патентланди. Мева-резаворлардан тайёрланган 8 хил вино маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Соҳа корхоналари томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 101,5 фоиз ўсиш демакдир.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 38,8 миллион доллар маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 123,3 фоиз юқоридир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, экспорт географиясида ҳам ўзига хос ўсишга эришилмоқда. Литва, Эстония, Италия, Чехия, Корея, Ироқ, Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Исроил ва Испания бозорларига кириб борилди ҳамда жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 140 га яқин корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.

Дарҳақиқат, узумчилик соҳасидаги ишлар, янги ва саноатбоп навларнинг кўпайтирилаётгани, ўз навбатида, табиий ва сифатли вино маҳсулотларини тайёрлаш ва экспорт қилишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ушбу соҳага инвестицияларнинг жалб этилишига замин бўлади.

Агентлик маълумотларига кўра, инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар бўйича 15 та лойиҳа доирасида жами 13,1 миллион доллар маблағлар ўзлаштирилган. Бу эса белгиланган режага нисбатан 188,7 фоиз юқори эканлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, узумчилик ва виночилик соҳасида эришилаётган натижалар мамлакат иқтисодиётининг мустаҳкамланиши, аҳоли бандлиги таъминланиши ва даромадлари ошишида муҳим аҳамият касб этади.

М.Комилова, ЎзА