ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ўтган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи Нуриддин Мамажонов иштирок этди.
Анжуманда тизимда очиқлик, шаффофлик ва ҳалолликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самараси юзасидан жамоатчиликка маълумот берилди.
Таъкидланишича, инвестициялар, саноат ва савдо масалалари комплекси тўғридан-тўғри чет эллик инвесторлар ҳамда импортёрлар билан ишлайдиган тузилма сифатида юқори масъулиятга эга. Шу боис, коррупциядан холи муҳит яратиш ва инвесторлар учун қонуний, ишончли шароит таъминлаш комплекснинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
[gallery-26628]
Мазкур тизимда коррупцияга олиб келувчи омиллар йўқлиги сабабли жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Фарғона вилоятида 500 га яқин лойиҳада хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Улардан 140 таси — 2024 йилда тўғридан-тўғри чет эл сармоялари асосида ташкил этилган янги корхоналардир. Бу эса инвесторларнинг вилоятга бўлган ишончи ортиб бораётганининг ёрқин кўрсаткичи сифатида таъкидланди.
Шунингдек, анжуманда тизимда жорий этилаётган “Тез ёрдам” боти ҳақида ҳам маълумот берилди. Мазкур бот орқали тадбиркорлар, экспортёрлар ва хорижий инвесторлар ўз муаммоларини тўғридан-тўғри интерактив равишда юборишлари, мурожаатлар эса тезкор тарзда назоратга олиниши қайд этилди.
Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА